Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Дунёдаги ҳар беш кишининг бир нафарида ҳаёти давомида саратонга чалиниш хавфи мавжуд. Халқаро саратон тадқиқотлари агентлигига кўра, 2020 йилда дунё бўйлаб 19,3 миллион одам саратонга чалинган ва уларнинг 10 миллиони шу касаллик натижасида кўз юмган. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг «Дарё»га тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда саратон билан касалланиш кўрсаткичлари йилдан йилга кўпаймоқда. Биргина 2020 йилнинг ўзида 21 минг 976 нафар одамда янги касалланиш ҳолатлари аниқланган. Саратон касаллиги мавжуд 40 фоиз бемор вафот этган.

Мамлакатда бугунги кунда умумий ҳисобда 107 минг 196 нафар одам саратон билан динамик назоратда туради. (2021 йил статистикаси жорий йилнинг апрель ойида чиқиши маълум қилинди). 4 февраль — Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни касалликни бошидан ўтказган инсонлар ҳикояси дунё бўйлаб янграйди. Афсуски, бу хасталик ўзбекистонликларга ҳам бегона эмас. Энг ёмони, онкологик касаллик хавфидан ҳеч ким кафолатланмаган.

Дилдора Мавлонова, 52 ёшТил, ўпка, кўкрак саратони, оққон касалликларига чалинган

Дилдора Мавлонова

Дилдора Мавлонова
Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

Тилимга 110 та чок тушди. Бир ярим йил умуман гапиролмадим

Бошимдан тўрт марта саратон ўтди. 2002–2005 йиллар тилим, 2012 йили чап ўпкам, 2018 йили ўнг кўкрагимга шу касаллик ташхиси қўйилди. 2020 йил февралида оққон бўлдим. Аввало Яратган, сўнгра шифокорлар сабаб тўрт ҳолатда ҳам давосиз деб келинган оғир дардни енгиб келмоқдаман.

Саратон – қоғозлардаги сўз, холос. Уни тан олмайман. 2002 йили тилимнинг чап томонида шиш пайдо бўлди. Стоматологга бордим. У эса онкологияга юборди. Онам шу ташхис билан дунёни тарк этгандилар. Жуда қўрқдим. Тил саратони ташхиси қўйилди. Нур терапия олдим. Шу билан оғриқлар сал босилганди.

2005 йил қайта шиш пайдо бўлди. Тилим қотиб қолганидан на овқат ер ва на сув ича олардим. Яна ўсимта чиққан экан. Операция учун Туркияга бордим. Врачлар юзимни кесибгина жарроҳлик амалиёти ўтказишлари мумкинлигини билдиришди. Лекин Тошкентдаги кучли онколог Ёдгор Расулович нафақат юзим, балки ҳаётимни ҳам сақлаб қолишга сабабчилардан бўлди. «Дилдорахон, юзинг чиройли экан. Кел, унга тегмаймиз. Қийин ва оғирроқ бошқа усул билан ўсимтани олиб ташлаймиз. Фақат бу нутқингга таъсир қилиши мумкин. Ҳаммаси Худодан», – деди. Кўнмасликдан бошқа йўл кўролмадим.

Операция 7,5 соат давом этди. Тилимга 110 та чок тушган экан. 1,5 йил умуман гапиролмадим. Сал қалтис ҳаракат билан тилим қонаб кетар ва тўхташи жуда қийин бўларди. Тил доимий равишда суюқлик ичида тургани учун операция жароҳатлари етти ой деганда битди.

Одамлар нон дейди, мен сув ҳам ичолмасдим. Ана шундай пайтда эрим ташлаб кетди

Дори-дармондан тортиб озиқ-овқатимгача найча орқали бурнимдан жўнатиларди. Оғзимни очолмасдим ҳам. Доска-ю қоғозларга ёзиб, қўл ишоралари орқали одамлар билан мулоқот қилардим. Опаларим, акам энг қийин пайтларда тиргагим бўлди.

Ана шу оғир йилда турмуш ўртоғим ташлаб кетди. Турмушга чиққанимда, ундан кейин ҳам тўрт мучам соғ бўлган. Аммо бир дард келди-ю, бутун ҳаётим тўзғиб кетди. Одамзод нега оила қуради? Никоҳнинг шартлари ҳам бахт-у дардда бирга бўлиш эмасмиди? Садоқат қийин пайтда билинади деб шуни айтса керак.

Уч ўғлим ҳали ёш эди. Кичкинам эндигина тўртга кирган. Ўзимнинг дардим бир-у уларнинг қорнини тўйғизолмаётганим бошқа томон эди. Ҳеч нарса йўқлигидан қўшнилар «Роллтон» қайнатиб чиққан кунлар бўлди. Мен чайнолмаганим учун сувини ичардим-да, хамирини уч боламга бўлиб берардим.

Бир кун хонамдан чиқсам, болаларим пишмаган қовоқ еб ўтирибди. Она учун бунданам аччиқ изтироб бормикан? Гапиролмасдим. Худойим, мен болаларимни бунинг учун туғмаганман, ўзинг куч-қувват бер, деб нола қила олдим, холос. Шу воқеа ўрнимдан туришга, ҳаракат қилишга мажбурлаган. Гапирмасдан ҳам ишласа бўладиган касбни тутдим. Тўйхоналарни безатиш учун дизайнерлик қила бошладим.

Ҳеч вақосиз қолганимда кўкрагимдаги ўсимтанинг бирдан йўқ бўлиб қолиши – Аллоҳнинг мўъжизаси эди

2012 йили ҳаво етмай, ҳушимдан кетадиган одат чиқардим. Ўпкамда саратон аниқланди. Тушкунликка тушмадим, қўрқмадим ҳам. Ҳатто тилсиз яшадим, ўпкамнинг бир қисмини олиб ташлашса нима қилибди деб, ўзимни қўлга олдим. Кимётерапия, нур терапия ҳамда операциядан кейин бу саратонни ҳам енгдим. Ўпкамнинг ярми олиб ташланган, чандиғли бўлса-да, бемалол нафас олиб юрибман.

2018 йилда аввалги ҳолсизликлар яна такрорлана бошлади. Ўнг кўкрагимда иккинчи босқичга ўтиб кетган саратон аниқланди. Шифокорлар дарҳол касалхонага ётқизиб, кўкрагимни олиб ташлашдан бошқа чора кўрмаётганларини айтишди. Декабрь охири эди. Ўғлим Янги йил байрамини оила даврасида кутишимни хоҳлагани учун операцияни қолдириб туришга қарор қилдим.

Шу билан январь бошида яна бир марта магнит-резонанс томография (МРТ)га бордим. Шифокорлар декабрь ва январдаги натижаларни солиштириб, ўсимта сўрилиб кетганини аниқлашди. Жарроҳлик амалиёти хоҳ Ўзбекистонда, хоҳ чет элда бўлсин катта маблағ кетади. Ўпкамнинг операциясидан кейин ҳеч вақосиз қолиб, яшаб турган уйимизгача сотгандик. Бунисига қаердан пул топаман деб юрганимда ўсимтанинг бирдан йўқ бўлиб қолиши – Аллоҳнинг мўъжизаси эди!

Оппоқ тўшак, ёнимдаги ёш жувонларнинг бирдан ўлиб қолиши, тинимсиз кўзёшлардан чарчагандим

Саратон хоҳласангиз, хоҳламасангиз илдиз отиб кетаверар экан. 2020 йил бошларида ҳансираб, беҳол бўлишни бошладим. Ёшимам элликка қараб кетди, шундандир деб аҳамият бермабман. Борган сари сал нарсага терлайдиган, қўлларим қалтираб, ётиб қоладиган бўлдим. Текширтирсам, оққон чиқди. Касалхона оппоқ тўшагида ётиш, одамларнинг кўзёши, бугун ёнимда кулиб турган ёш жувонларнинг эртага ўлиб қолишини 20 йилдан бери кўравериб юрагим эзилиб кетганди. Бу азобни қайта ҳис этгим келмади. Табибга бордим. Унинг натижалари эса икки баробар ёмон чиқди.

Дўхтирлар чақириб тезда касалхонада ётишингиз керак дейишди. Бир кундан кейин тўсатдан оғзимдан қон кета бошлади. Ўша кунни эслашнинг ўзи оғир. Саккиз соат қон кетгандан кейин юзим биров юлиб ташлагандек моматалоқ бўлиб кетганди.

2018 йилдан бери Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими бошлиғиман. Ишхона, Президент администрацияси, «Шарқ аёли» жамғармаси, «Эзгу амал» фонди, Ногиронлар жамияти даволаниш муолажаларимнинг уч босқичида ёрдам беришди. Етказганига шукр. Қолганларида ўзимнинг имконим етди.

Дард бошқа, ажал бошқа

Олма чиришни бошлаганда уни музлатгичга олиб қўйсангиз, чириш жараёни секинлашади. Ўз ҳолига ташлаб қўйганда эса акси бўлади. Дард меҳмон. Меҳмон келдими, кетиши ҳам тайин. Фақат бунинг учун ҳаракат қилиш керак. Тўрт марта саратонни енгганимни эшитиб одамларнинг ўзи руҳий далда учун мени сўраб келади. Улар саратондан кейин ўлим ҳам тезда эшик қоқиб келишига ишонишади. Ана шундай тушкунлик ва ишончсизликдан сўлиб бораётганларини ҳам сезишмайди.

Саратонга чалинганларнинг аксари, айниқса, аёллар касал ҳолида ҳам ўзини асрамайди. Қуёш тиғи-ю ҳаддан ортиқ намда ҳам ишлайверишади. Балки бошқа илож йўқлигидандир. Аммо бу ҳазилакам дард эмас. Бемор ўзини асрамаса, аҳволи баттар оғирлашаверади. Керакли дори айтилган пайтда ичилмаса, аввал қилган муолажаларнинг бари бефойда бўлиб қолади.

Саратон бойларнинг касали экан деб ўйлардим. Ҳозир давлат ҳам қараб турмаяпти

Саратондан даволаниш қимматлиги учун ҳам беморлар руҳий тушкунликда ўзларини еб битиради. Ўзим ҳам қийналганимдан саратон бойларнинг касали экан, деб ўйлардим. Ўтган йили Президентнинг гематология институтига ташрифидан сўнг, онкологик касалларни даволашда ишлатиладиган дориларнинг 60 фоизи давлат томонидан бериладиган бўлди. Аввал маълум даволаш босқичидаги 1 миллион 700 минг сўмлик дорилар 350 минг сўмга тушмоқда. Бу билан онкологик касалликка чалинганлар учун маблағ томондан жуда катта ёрдам бўлди. Соҳада ўзгаришлар катта. Лекин ҳали қилиниши керак бўлганлари ҳам талай.

Биз яшашимиз учун пул тўлаймиз, дорилар сотиб оламиз. Соғлом одамлар соғлиғининг қадрига етиши керак. Бирор ерингиз оғридими, ўтиб кетар деманг. Дарҳол шифокорга кўрининг. Керакли муолажаларни вақтида, пулига қарамасдан олинг. Соғлиқ шундай нарсаки, кун келиб ҳеч бир пулга тиклолмай қолишингиз мумкин.

Уч боламнинг келажагини кўришга интилиш шу оғриқларда ҳам умид берган деб ўйлайман. Ҳозир фақат оққондан даволанаман. Ҳар 21 кундан кейин 17 кунлик муолажа оламан. Тўнғичим транспорт, ўртанчам тиббиётда, кенжам бўлса иқтисодиётда ўқияпти. Ўзим эса саратонга чалинган одамларга руҳий ёрдам бериш учун психологлик ҳам қиламан. Ўғилларимни уйлантириб, неварали бўлсам, дунёдан армонсиз ўтардим.

Маълумот учун:Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, давлат томонидан 2021 йилда онкологик хизмат учун дори-дармон ва сарфлов воситаларига қарийб 62 миллиард сўм ишлатилган. Шунингдек, 2020–2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилгани, биргина 2021 йилда 91 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани, улар ҳисобидан шифохоналар дори воситалари, тиббий буюмлар, реактив ва реагентлар билан таъминланаётгани айтилганди.

Дилноза Мустафоева, 35 ёшСаратоннинг Хожкин лимфомаси тури билан касалланган

Фото: Дилноза Мустафоеванинг шахсий архивидан

Турли симптомлар аниқ ташхисни кечиктирган. Саратонни анча ўтказиб юборган эканман

2016 йил май ойида юрак ва ўпкамнинг орасида 4-босқичга ўтиб кетган саратон аниқланди. Унгача тери қичиши, турли тошмалар чиқиши-ю тирноқларимнинг таги қорайиб тушиб кетиши, 3-4 кунлаб уйқусизлик ҳолатлари қарийб бир йил давомида қийнаб келарди. Ўзимдаги бу ўзгаришлардан дерматолог, психиатр, невропатологга кўринсам-да ташхис қўйишолмаган.

Бир куни гинекологга борганимда, теримнинг кўкариб кетганини кўриб, қон топширишимни айтди. Таҳлил натижалари чиққач, онкологга юборди. Улар юрак ва ўпкамнинг орасида 10 сантиметрли ўсимта аниқлаб, саратоннинг бир тури бўлган хожкин лимфомаси ташхисини қўйишди.

Саратонлигимни тасодифан билиб қолдим. Шифокорим буни дастлаб ўзимгамас, оиламдагиларга айтган. Улар эса мендан яширишган. Бунинг учун шифокор билан бироз низога ҳам бориб қолганмиз. Касаллик менга тегишлими, уни ҳаммадан олдин ўзим билишим керак, кимга айтиш-айтмасликни ҳам ўзим ҳал қиламан деб ҳисоблардим.

Саратоннинг ҳужайралари тез кўпайиб кетадиган шаклига чалинган эканман. Бизда бу каби операциялар ўтказилмаслиги учун тезда Москвага жўнаб кетдим. Ўсимта анча ичкарида жойлашгани учун операция қийин ўтди ва 8 соат давом этди.

Оғир кимётерапиялар сочимни тўкмаган

12 босқичли кимётерапия олдим. Дастлабки учтаси Ўзбекистонда, қолганлари Испанияда бўлди. Ўша пайтдаги оғриқлар, руҳий ҳолатни тасаввур қилиш имконсиз. Лекин улар абадий ҳам эмас, кўп давом этмайди. Терапиядан кейин тўртинчи кундан бошлаб югурардим. Спортни канда қилмаганман.

Энг қизиғи, оғир турдаги кимётерапия олганимга қарамасдан сочим тўкилмади. Испаниядаги врачим ҳам олтмишга кириб шунча беморга қараган бўлсам-да, терапиядан кейин сочи тўкилмаганини биринчи марта кўришим деб ҳайрон қоларди. Аслида сочларим қолишини ўзим ҳам роса хоҳлаганман. Яратган дардни бериб, ўша дарднинг ўзи билан ҳам суюнтиришга қодир экан.

Даволаниш учун Ўзбекистондан ташқарига чиққанда болаларимни ўзим билан олиб кетгандим. Эҳтимол, умрим ҳақиқатдан кам қолган бўлса, уларнинг соғинчида жоним узилишига чидолмасдим.

2018 йил февраль охирида кимётерапиям тугади. Ўшандан бери ҳар олти ойда кўрикдан ўтиб, муолажалар оламан.

Ташхислар нисбий. Врачлар яшаб кетишимга ҳам гумон қилишган

Онкологик касалликларнинг операция, муолажа-ю дори-дармонлари қиммат. Ўзимда аниқланганда ҳам ортиқча пулимиз йўқ эди. Аммо яқинлардан сўрадик, ҳиммат қилганлар кўп бўлди. Пулнинг камлиги ёки йўқлиги саратонни даволанишдан тўхтатмаслиги керак. Агар тополмайман, шу касаллик билан ўлар эканман, деб умидсиз бўлсангиз, Яратган ҳам ўшанга ярашасини беради.

Саратон айтиладиганидек қўрқинчли эмас. Айниқса, бугунги тиббиёт ривожланган пайтда. 2016 йили Тошкент шаҳар онкология диспансерида кимётерапия олган бўлсам, яқинда яна ўша ерда бўлдим. Ўзгаришлар жуда катта. Фақат одамлар ҳали ҳам ўлимга олиб борадиган касаллик деб ўйлаши ёмон. Менга ўхшаб касалликни енгиб, яшаб келаётганлар қанча!

Ўсимта аниқланганда шифокорлар унинг тўртинчи босқичга ўтганини билиб, анча кечиккансиз деб, яшаб кетишимга гумон қилишган. Агар уларнинг гапига кўниб, операция қилмай, терапиялар олмасдан, ўлимимни кутиб ётганимда, эҳтимол, ҳозир чиндан бу дунёни тарк этган бўлишим мумкин эди. Нима бўлса ҳам Худонинг берган умрини, ўзи ёзган пайтигача яшаймиз. Ноумид – шайтон. Яшаш учун ҳам умид қилиш керак.

Маълумот учун:Ўтган 2021 йили онкология ва гематологияга жиддий эътибор қаратилди. Президентнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори, 14 майда Республика ихтисослаштирилган гематология ҳамда онкология ва радиология марказларига ташрифида шу каби муаммоларга ечим бўлиши назарда тутилганди.

Саратон бугунимда яшашни ўргатди

Касаллик ҳадеб келажакка интилмасдан бугуним билан яшашни ўргатди. Ўшанда 28 ёшда эдим. Фарзандларим, оилам бор, орзуйимдаги ўқиш – Дипломатияни тугатиб, ҳуқуқшунослик қилаётгандим. Лекин фақат кейинги беш-ўн йиллигим ҳақида режалар тузиб, ҳаракат қилаверардим. Аслида ҳаммамиз шунақамиз. Билмаймизки, Аллоҳнинг берган умри эртагаёқ тугаб қолиши мумкинлигини. Эҳтимол, кутаётган келажагимиз келмасдан насибамиз бу дунёдан узилиб қолар. Берилган ҳар кунимизни қадрлашимиз, худди келажагимизни қандай кўришни хоҳласак, ўшандай ўтказишимиз керак.

Ражаббой Абдураҳмонов, 57 ёшОққон касаллигига чалинган

Ражаббой Абдураҳмонов оила даврасида

Ражаббой Абдураҳмонов оила даврасида
Фото: Шахсий архивдан

Саратонни давосиз деб юрардим...

2016 йил апрелда оққон ташхиси қўйилди. Шамоллаш, кучли қулоқ оғриғи, тез чарчаш ва ҳолсизликдан безовта бўлиб Хонқа, Урганчдаги клиникаларда даволаниб юрдим. Аммо ҳеч фойда бермади. Бир куни уйда аҳволим ёмонлашди. Танамдан бамисли сув оқарди. Футболкамни ечиб, аёлимдан қараб юборишини сўрадим. У қўрқиб кетган оҳангда теримнинг сариқ-кўкишсифат ғалати бир рангга кирганини айтди. Хоразмдаги врачларга кўринсам, Тошкентдаги Гематология марказига йўналтиришди.

У ердан таҳлиллар олиб, мени палатага ётқизишди. Тўсатдан касалим нима эканини билиб қолдим. Дўхтирлар аёлимга айтган, у бўлса, менга қандай айтишни билмай юрган экан. Касаллигимни билган куним қўшни хонадаги бир бемор тузалиб кетганини эшитдим. Саратонни ҳам енгиш мумкин экан-ку, деб ўзим ҳам умид қила бошлагандим. Чунки саратонни давосиз деб юрардим.

Бир йил давомида беш босқичли кимётерапия олдим. Қолганини Урганч гематология марказида давом эттиришим мумкинлигини айтишди. 2018 йил апрель ойигача тўлиқ даволандим. Ўшандан бери ҳар олти ойда бир кўрикдан ўтаман.

«Нима, ўладиган касал бўлганманми, деб сўрардилар», – Ражаббой Абдураҳмоновнинг аёли

«Дўхтир хўжайинимнинг оққонга чалинганлик эҳтимоли борлигини айтганда йиғлаб юборганман. Ўзим шифохонада лаборантлик қилганман. Саратон бўлган одамнинг тузалиб, яшаб кетгани ҳақида эшитмаган эдим. Шундан уларнинг ҳам ўлиб қолишларидан қўрққанман.

Врач ташқарида қанча йиғласам ҳам турмуш ўртоғимнинг олдида сиқилаётганимни билдирмаслигимни тайинлади. Ўзимни зўрға тутиб турардим. Шунча йил бирга яшаб, феъл-атворини билмайдиларми, ичимда нимадир борлигини сезиб қолдилар. Нима, мен ўладиган касал бўлганми, нега аҳволинг бунақа сўлғин, деб савол беравердилар.

Биринчи кун таҳлил натижаларини айтолмадим. Иккинчи куни боришим биланоқ, мени қаерга олиб келдинг, бу ерда ҳамма оққон бўлган одамлар даволанаркан-ку деб йиғлаб юбордилар. Бир-биримизга қараб йиғлар, аммо гапиролмасдик. Касалхонадаги аксар беморларнинг дарди бир хил бўлганидан қандай касал эканликларини ўзлари тушуниб олибдилар», – дея кўзида ёш билан ўша кунларини ёдга олди Муҳаббат опа Қуронбоева.

Пулдан қийналганимизда хайрия қилувчилар жонимизга ора кирди

Иккинчи муолажам Рамазон ойига тўғри келгани бахтимиз экан. Тошкентдаги меҳрибон одамлар Гематология марказига келиб хайрия қилиб кетишарди. Дори-дармонларга маблағ тополмай қолган кунларимиз бир йигит ва қиз келиб уч юз доллар бериб кетди. Аёлим билан йиғлаб юборганмиз. Тошкентнинг ҳимматли одамларига ўғир кунимиздаги ёрдамлари учун тан бергандик.

Эркак кишининг бошини дард эгса, ёмон экан. Аёлим доим ёнимда бўлди. Агар касалим кучайиб кетса, шифокорлар ҳам ёнида ётинг, деб жой қилиб беришарди. Касал ҳолимда ортимдан ўзи югурди. Врачлар бу уни чарчатиб, ўзини ҳам бетоб қилиб қўйиши мумкинлигини, ўғлимизни чақиришимизни кўп бора айтди. Аммо муолажалар қиммат бўлгани учун ўғлимиз қишлоқда, тегирмонимизда кеча-ю кундуз ишлаб пул топаётганди. Уни чақирсак, пулсиз қолардик. Жигарларим, укам ҳам қараб турмади.

Бир дард берса, даво учун минглаб сабаблар ҳам бераркан. Иккинчи муолажадан чиққанимда неварали бўлдик. Бу ҳам бир умид эди менга. Ҳозир оғир жисмоний меҳнат ҳам қилмайман. Ҳолсизланиб қолишим мумкин, аммо ҳар олти ойда укол-дорилар билан куч-қувватга кираман. Даволанишлар аввалгидек қиммат эмас, ўзимизнинг имконимиз етиб турибди.

Саратон номи ва асоратлари қанчалик ўғир ташхис бўлмасин, замонавий тиббиёт унга ҳам даво топиб келмоқда. «Эзгу амал» фонди маълумотларига кўра, ривожланган давлатларда саратонга чалинган беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсаткичлари 70-80 фоизни ташкил этади, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 20-30 фоизга тенг. Эҳтимол, бунинг бир учи қиммат муолажалар, нархи баланд дорилар, ўзимизда йўқ техника-ю мутахассисларга бориб тақалар.

Умуман олганда, давлат томонидан бўладиган ташаббуслар Ўзбекистонда ҳам саратонга чалинган беморларнинг тузалиб, яшаб кетиш даражасининг ортишига салмоқли ҳисса қўшади деган умиддамиз.

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар