Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши 31 январь куни Украина атрофидаги вазият юзасидан йиғилиш ўтказишга қарор қилган. Бу ҳақидаги қарор овоз бериш жараёнида маъқулланган, деб ёзмоқда «ТАСС».
Аввалроқ АҚШ БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилишида Украина масаласини муҳокама қилиш ташаббуси билан чиққанди. Муҳокама жараёни амалга ошиши учун кенгашга аъзо 15 мамлакат орасидан камида 9 нафар иштирокчи ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаши талаб этиларди, дея қайд этган агентлик. Овоз беришда Россия ҳамда Хитой бунга қарши чиқди, яна уч давлат бетараф бўлишга қарор қилди.
Йиғилишда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларидан ташқари Украина, Беларусь, Литва ва Польша вакиллари ҳам иштирок этади, дея эълон қилган Норвегиянинг БМТдаги доимий вакили Мона Юул.
Россиянинг БМТ ҳузуридаги вакили Василий Небезня ташкилот хавфсизлик кенгашининг Украина масаласини мегафон дипломатия билан намойишкорона ўтказишини танқид қилган. Шунингдек, у АҚШ йиғилиш ўтказиш таклифини берганида «Россия қўшинларининг Россия ҳудудида туриши дунё тинчлиги ва барқарорлигига зид эканлиги» қайд қилинганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра бу Россия ички ишларига аралашиш ва халқаро жамоатчиликни минтақадаги вазият юзасидан чалғитишга уриниш бўлиши мумкин.
Россия бир неча ойдан буён Украина билан чегара ҳудудига қўшин жойлаштирмоқда. Ғарб мамлакатнинг Украинага ҳужум қилишидан хавотирда ва Россияга нисбатан янги санкциялар қўллаш билан таҳдид қилган. Москва ушбу гумонларни инкор этиб, қўшиннинг жойлаштирилиши ўқув машғулотлари эканини билдирган.
Украина атрофидаги вазият фонида январь ойида Европада хавфсизлик масалалари бўйича музокаралар бошланди. Ушбу мавзу Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Россия Кенгаши — НАТО йиғилиши доирасида Россия ва АҚШ вакиллари иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича томонлар масала юзасидан ўз позицияларини белгилай олмаган.
Аввал Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг Украина атрофидаги вазият сабаб Японияга ташрифини бекор қилгани, Украина разведкасининг махфий материаллари Киевдан бошқа жойга кўчирилгани, Байден тез орада Шарқий Европага қўшимча кучлар юборилишини эълон қилгани, Зеленский Ғарб дипломатларининг Украинадан эвакуация қилинишини хато деб атагани ҳақида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)