БМТ олдидаги барча қарздор давлатлар, Папуа-Янги Гвинея ва Венесуэладан ташқари, Бош ассамблеяда яна овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда ташкилот маълумотларига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.
БМТ бош котиби халқаро активлари АҚШ санкциялари остида бўлган Эрон тўловни амалга оширгани ва ушбу ҳуқуқни қайта тиклаётганини таъкидлаган.
БМТ низомига кўра, қарздорлиги ўтган тўлиқ икки йил учун аъзолик бадали миқдорига тенг ёки ундан ошадиган аъзолар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. «2022 йил 21 январдаги мактубимга қўшимча равишда шуни шараф билан маълум қиламанки, Эрон БМТ низомининг 19-моддасида белгиланган миқдоридаги қарзларни камайтириш учун зарур тўловни амалга оширди», — дейилади Гуттеришнинг эълон қилинган хатида.
БМТ, шунингдек, Антигуа ва Барбуда, Судан, Конго, Гвинея ва Вануатуга тегишли шу каби мактубларни эълон қилган. «Шундай қилиб, икки мамлакат — 76-Бош ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас: Папуа-Янги Гвинея ва Венесуэла», — дейилади хабарда. Таъкидланишича, Комор ороллар, Сан-Томе ва Принципи ҳамда Сомалига қарздор бўлса-да, овоз беришга рухсат берилган.
23 январь куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг 18 миллион доллардан ортиқ «музлатилган» маблағларини Эроннинг БМТ олдидаги қарздорлигини ёпишга йўналтирганини маълум қилганди. Таъкидланишича, бу АҚШ Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Комор ороллари (871 минг доллар), Сан-Томе ва Принципи (829 минг доллар) ҳамда Сомали (1,4 миллион доллар) БМТдан қарздорлиги сабаб, Бош ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинганди.
Изоҳ (0)