Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, суҳбатда Ўзбекистон—Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилган.
«Ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида амалий ҳамкорлик кўламининг кенгайишига хизмат қилаётган кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан таъкидланди. Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашиб, биргаликда муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Етакчилар яқинда ўтган ҳукуматлараро музокараларнинг натижаларини юқори баҳолаб, икки биродар мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш муҳим эканини қайд этган.
Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари минтақа кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатлари юзасидан фикр алмашган. Бўлажак учрашув ва тадбирлар режаси муҳокама қилинган.
Телефон орқали мулоқот илиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтган.
Изоҳ (0)