Урганч халқаро аэропорти ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ёпилди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports.
Қайд этилишича, кечқурунга бориб кучайган қор Урганчдаги халқаро аэропортнинг ёпилишига сабаб бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, аэропорт 19 январь куни эрталаб соат 05:00 гача ёпиқ бўлади.
Урганч аэропорти ҳозирда ёпиқ. Қор ёғиши кучайгани сабабли учиш-қўниш йўлагининг ишқаланиш коэффициенти 0,3 ни ташкил этмоқда, бу эса самолётларнинг учиши ва қўнишига имкон бермайди. Об-ҳаво маълумотларига кўра, тун бўйи қор ёғади. Шу муносабат билан яна иккита рейс кечиктирилиши кутилмоқда. Қозон—Урганч йўналиши бўйича «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг самолёти белгиланган аэропортга соат 21:45 да қўниши керак эди, бироқ мезбон томоннинг об-ҳаво шароити туфайли ҳалигача самолёт Қозондан учмаган. Red Wings авиакомпаниясининг Москва—Урганч рейси билан ҳам вазият худди шундай. Ушбу рейс самолёти ҳам «Домодедово» аэропортидан ҳавога кўтарилмаган.
Аввалроқ 18 январь куни ноқулай об-ҳаво шароити (қор ёғиши) туфайли Истанбул—Урганч йўналиши бўйича учган HY–280 рейси бўйича самолёти Тошкентга йўналтирилгани хабар қилинганди. Самолёт аэропортга бортида 98 нафар йўловчиси билан соат 19:29 да фавқулодда қўнган. Авиакомпания барча йўловчиларни 19 январь куни эрталабгача меҳмонхонага жойлаштиришга қарор қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт HY–051 рейси билан соат 07:15 да Тошкентдан Урганчга учади.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳар иккала рейс ҳам 19 январь эрталабгача қолдирилган. Авиакомпаниянинг аниқ жўнаб кетиш вақти кейинроқ маълум қилинади.
Изоҳ (0)