Коронавируснинг янги штаммидан хавотирга тушган Венгрия ҳукумати COVID-19 га қарши вакцинанинг тўртинчи дозаси билан эмланишга рухсат берди. Бу ҳақда бош вазир аппаратининг раҳбари Гергель Гуляшга таяниб, Reuters хабар берди.
«COVID-19 га қарши тўртинчи вакцина билан исталган одам шифокор консультациясидан сўнг эмланиши мумкин, бу борадаги қарор шу ҳафта эълон қилинади», — дейди у.
Агентликнинг таъкидлашича, Венгрияда омикрон сабаб касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада ошмоқда.
Бундан ташқари, Венгрия ҳукумати карантин муддатини 10 кундан 7 кунга қадар қисқартирган. Гуляш, шу билан бирга, одамларнинг тест натижаси манфий чиқса, карантиндан ҳатто 5 кунда ҳам чиқишлари мумкинлигини маълум қилган.
Экспертларнинг огоҳлантиришича, коронавирусга қарши қайта вакцинация инсоннинг иммун тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, Греция соғлиқни сақлаш вазири коронавирус билан касалланиш тўлқинига қарши кураш сифатида жорий этган чекловларини 23 январга қадар узайтирмоқда.
Амалдаги чекловлар декабрь охирида жорий этилиб, 3 январгача давом этиши керак эди. Унга кўра, мамлакатдаги барча кўнгилочар муассасалар ёпилади ва бир стол атрофида максимум олти кишигача тўпланиш мумкин.
Давлат ва жамоат сектори ишчиларининг ярми уйдан туриб ишлашга ўтган, супермаркетлар ва жамоат транспортларига ташриф буюрувчилар юқори даражали ҳимояга эга (KN95/FFP2) ниқобини ёки иккиталик ниқобларни тақишлари лозим.
Чекловлар 16 январь куни тугаши керак эди, аммо у 23 январгача узайтирилди.
Worldometer сайти маълумотларига кўра, Грецияда пандемия бошланганидан бери 1,6 миллионга яқин одамда COVID-19 аниқланган, уларнинг 21,6 мингги вафот этган.
Аввалроқ Туркияда коронавирусга қарши вакцинанинг 5-дозаси билан эмланишга рухсат берилгани, Исроил ҳукумати омикрон штаммига қарши курашиш учун 60 ёшдан ошган фуқароларнинг барчасига вакцинанинг тўртинчи дозасини олишни тавсия қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)