Америкалик бизнесмен Илон Маск ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали россиялик Tesla электромобиллари эгаларининг расмий сервислар йўқлиги борасидаги шикоятларига жавоб қайтарди.
«Tesla компанияси имкон қадар тезроқ бутун дунё бўйлаб Tesla электромобил эгаларини қўллаб-қувватлашни таъминлашга уринмоқда», — деб ёзади у.
Шунингдек, у Tesla компанияси ва бизнесменнинг бошқа лойиҳаларига оид янгиликларни ёритувчи Tesmanian портали хабарлари ҳаволасини улашган фойдаланувчига эътибор қаратган. Материал ўз навбатида YouTube’даги Go Electro каналига жойлаштирилган видеомурожаатга ҳавола беради.
«Биз электромобилларимиздан тезкор қувватлантириш шохобчалари мутлақ йўқ ҳолатда фойдаланяпмиз. Бизда сервислар, расмий техник хизмат кўрсатиш йўқ. Бирор эҳтиёт қисм керак бўлиб қолса, хориждан буюртма қиляпмиз ва бу ярим йил давом этадиган саргузаштга айланмоқда», — дейди канал муаллифи Дмитрий Сакал.
У Маскдан Россиядаги электромобил эгалари номидан мамлакатда Tesla’нинг расмий офисини очишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг майида Илон Маск «Янги билим» форумида компания тез орада Россия бозорига чиқиши мумкинлигини маълум қилганди. Шунингдек, у Россияни Tesla ишлаб чиқариш учун потенциал ҳудуд сифатида кўраётганини билдирган.
Маълумот учун, 2019 йилда Илон Макс Қозоғистонда Tesla’нинг сервис марказлари ва қувватлантириш станцияларини қуришга ваъда берганди.
Изоҳ (0)