Американинг Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 300 миллиондан ошди.
7 январь ҳолатига кўра, пандемия бошидан бери бутун дунёда 300 миллион 95 минг 481 киши COVID-19 билан касалланган. Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳозиргача 296 миллион кишида инфекция қайд этилгани ҳақида хабар бермоқда.
АҚШ касалланганлар сони бўйича етакчи бўлиб қолмоқда — университет маълумотларига кўра, мамлакатда 58,4 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан касалланган. Иккинчи ўринда Ҳиндистон (35,1 миллион), учинчи ўринда Бразилия (22,32 миллион) турибди. Шунингдек, юқори бешликдан Буюк Британия (14,1 миллион) ва Франция (11,2 миллион) ҳам жой олган.
Пандемия бошланганидан буён дунёда 5,47 миллион киши коронавирус оқибатида вафот этган. Шу билан бирга, одамларни эмлаш учун 9,3 миллиард дозада коронавирусга қарши вакцина ишлатилган, дейилади Жонс Ҳопкинс маълумотларида.
ЖССТ ўтган бир кеча-кундузда дунё бўйлаб рекорд даражада кўп одамда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берди. Унга кўра, бир суткада 2,6 миллиондан ортиқ киши инфекцияга чалинган.
ЖССТ техник гуруҳи раҳбари Мария ван Керкховенинг маълум қилишича, дунё бўйлаб COVID-19 билан касалланишнинг янги ҳолатлари ўтган ҳафтада 71 фоизга ошган. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич минтақага қараб фарқ қилади. «Америкада бу 100 фоизга, Африкада эса 7 фоизга ошган», — дейди ван Керхкове.
Изоҳ (0)