Ўзбекистондан Қозоғистоннинг Олмаота ва Ақтўбе шаҳарларига парвозлар бекор қилинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар қилди.
Маълум қилинишича, 6 январга мўлжалланган HY9729/9730 Нукус—Ақтўбе—Нукус ва HY763/764 Тошкент—Олмаота—Тошкент йўналишлари бўйича авиақатновлари етиб борадиган аэропортларнинг техник сабабларига кўра бекор қилинган.
Ушбу йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириш кунлари ҳақидаги маълумот қўшимча эълон қилинади.
Йўловчилар бекор бўлган парвоз авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олиш ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эга.
«Тўғри тушунишингизни умид қиламиз», — дейилади Uzbekistan Airways хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ақтау халқаро аэропорти халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни ёпгани муносабати билан 5 январь куни амалга оширилиши режалаштирилган HY-9725/9726 Урганч—Ақтау—Урганч йўналиши бўйича мунтазам қатновлар ҳам бекор қилинганди.
2 январдан бери Қозоғистонда намойишлар бўлиб ўтмоқда. У Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди. Шундан кейин намойишлар Ақтау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтди, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан, пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлади.
Изоҳ (0)