Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 1 январь куни икки гуруҳ ўртасидаги жанжалда 20 ёшли йигит ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳолат шу куни соат 03:30 атрофида шаҳарнинг Қўрғонтаги кўчасида содир бўлган. К.К. (2002 йилда туғилган) исмли фуқаро тўрт нафар таниши билан М.Н. бошқарувидаги Cobalt автомобилида М.Н.нинг уйига ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Кўча бошида ҳаракатсиз турган Gentra ва Nexia-3 автомобилларини кўриб, унинг олдида турган М.А. (1999 йилда туғилган) ва унинг шерикларидан йўл беришини сўраган.
Орада оғзаки жанжал чиққан ва баҳс давомида М.А. ёнида бўлган пичоқ билан К.К.нинг кўкрак соҳасига бир марта урган ва шериклари билан ҳодиса жойидан қочиб кетган. Оқибатда олган тан жароҳатлари туфайли К.К. вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, М.А. процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)