Қаҳва, бодринг ва тери учун косметик восита тайёрласа бўладиган бошқа маҳсулотлар
Уйдаги қайси маҳсулотлардан юз учун лосьон, скраб сингари косметик воситалар тайёрлаш мумкинлиги ҳақида «Домашний очаг» нашри маълумот бериб ўтади.
Фото: «Домашний очаг»
Қаҳва
Қаҳва доначалари магний ва витаминга бой. Косметик восита сифатида қўлланганда антиоксидант ва антибактериал таъсир кўрсатади. Ундан скраб тайёрлаш учун уч чой қошиқ қаҳвага бир чой қошиқ туз қўшиш керак бўлади. Бундай скраб терини тозалаб, намлантиришга ёрдам беради.
Бодринг
Бодринг нафақат истеъмол, балки косметик мақсадда фойдаланиш учун ҳам энг яхши маҳсулот саналади. Тоник тайёрлаш учун иккита бодрингни қирғичдан чиқариб, докада сувини сиқиш ва унга 2 ош қошиқ асал қўшиш керак. Тайёрланган тоникни юз ва бўйин қисмига кунига 2 марта сурцангиз бўлади.
Киви
Кивида тери учун фойдали бўлган C витамин мужассам. Бир дона киви, икки ош қошиқ бодом ёғи ва бир қошиқ асал, шунингдек, икки томчи апельсин эссенсияси қўшиб скраб тайёрласа бўлади. Бунинг учун барча маҳсулотларни блендерда аралаштириш керак. Юз ва бўйинга суртиб, 10-15 дақиқадан кейин ювиб ташланг.
Тоғжамбил
Тоғжамбил тонусни яхшилаши ва дезинфекцияловчи хусусиятга эга экани билан яхши маълум. Терини яхшиловчи лосьон тайёрлаш учун тоғжамбилга арпабодиён уруғини қўшиш керак. Бунинг учун уларнинг иккисини 1 стакан қайнаган сувга солиб димлаб қўйиш лозим. Шундан кейин унга лимон шарбати қўшинг. Совиганидан кейин совиткичга қўйиш керак. Ушбу лосьонни ҳар куни эрталаб терига сурца бўлади.