Ҳозирги кунда пойтахт мактабларида юзага келган вазият ташвишланарли. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал майор Азиз Тошпўлатов маълум қилди, деб хабар беради «Подробно».
«Ўқитувчилар мактабда ўқувчиларни назорат қилишга, ўқув жараёнини ташкиллаштиришга, ўқувчилар йўқ бўлса — унинг келмагани сабабини билишга мажбур. Бор эътибор фақатгина олий таълим муассасаларига кирган болаларнинг фоизлар нисбатига қаратилиши керак эмас. Энг муҳими — ўқувчилар билан маънавий-ахлоқий тарбия ишларини ўтказиш», — дейди Тошпўлатов.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи полковник Равшан Султонхўжаевнинг сўзларига кўра, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайган.
Пойтахтдаги умумтаълим мактабларида ўтказилган текширувлар давомида айрим ўқувчилар сабабсиз дарсларга келмаётгани аниқланган. Айримларининг ёнида ўткир-тиғли буюмлар топилган бўлса, баъзиларининг мобил телефонида порнографик материаллар борлиги маълум бўлган.
Бундан ташқари, вояга етмаганлар орасида электрон тамаки ва снюс (тутунсиз тамаки маҳсулоти тури) чекиш ҳолатлари аниқланган.
Аввалроқ Тошкентда икки мактаб ўқувчиси ўзаро жанжаллашгани, Тошкент вилоятидаги мактаб спортзалида ўқувчилар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлгани, Тошкентда автомобиль йўлининг ўртасида чўмилган ўқувчининг иши Болаларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича комиссияда кўриб чиқилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)