«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси Афғонистондан амалга ошириладиган юк ташувлари ҳажмини, жумладан, МДҲ давлатларига оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.
«Сўғдиёна транс» 2021 йилнинг декабрида Афғонистонда Ҳайратон–Мозори-Шариф темир йўл линиясини эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. 2010 йилнинг ноябрида «Ўзбекистон темир йўллари» қиймати 129 миллион долларга тенг 75 километрлик линия қурилишини якунлаганди.
Яқин вақтлар ичида «Сўғдиёна транс» Ўзбекистонга афғон тадбиркорларининг 99 та вагонда, Қозоғистонга эса 45 та вагонда турли юкларини ташиб беришни режалаштирилган.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилда жами 32,4 минг тонна (564 вагон) юк Афғонистондан экспорт қилинган бўлиб, улардан асосан 3,6 минг тонна қуруқ мева, 24,3 минг тонна картошка, 4,2 минг тонна мандарин ва 197 тонна талк маҳсулотлари экспорт қилишга эришилган.
«Ўзбекистон темир йўллари»нинг эслатишича, «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси томонидан ўтган йил давомида Афғонистон ва Афғонистон орқали бошқа давлатларга қарийб 28 миллион тонна юк етказиб берилган. «Бундан ташқари мазкур корхона Афғонистон юкларини темир йўлдан Ўзбекистон орқали МДҲ мамлакатлари ҳамда Хитойга экспорт қилишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 20 август куни Афғонистоннинг Балх вилоятида «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум содир этилганди. Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)