Андижон вилояти Пахтаобод туманида 10 декабрь куни уста иш ҳақини бермаган танишини пичоқлади. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни номаълум шахс Пошшомбоғи кўчасида яшовчи В.Х.нинг (1972 йилда туғилган) яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, хонадон эгаси билан жанжаллашиб, жанжал жараёнида хўжалик пичоғи билан унинг қорин, орқа курак ва қўл соҳаларига уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Оқибатда В.Х. олган тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Олиб борилган дастлабки тергов жараёнида ушбу жиноятни Т.З. (1994 йилда туғилган) содир этгани аниқланган. Жиноятнинг келиб чиқишига Т.З. сентябрь ойида жабрланувчи В.Х.нинг буюртмасига асосан унинг яшаш хонадонида таъмирлаш ишларини олиб боргани, аммо таъмирлаш кўнгилдагидек бўлмагани сабабли В.Х. томонидан фуқаро Т.З.га хизмат ҳақи учун 250 минг сўм бермагани сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодекснинг 104-модда 2-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, 16 декабрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яна бир пичоқбозлик билан боғлиқ жиноят содир этилган. Шу куни соат 16:40 атрофида туман Ички ишлар органи навбатчилик қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан К.А. (1987 йилда туғилган) оғир тан жароҳати билан ётқизилгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Аниқланишича, 16 декабрь куни соат 13:45 атрофида К.А. туманнинг Хирмонтепа кўчасида танишлари Х.Р. (1979 йилда туғилган) ва М.Б. (1988 йилда туғилган) билан учрашган. Улар К.А.дан 1 миллион 600 минг сўм қарзини қачон беришини сўраб, жанжаллашган. Шу вақтда М.Б. чўнтагидаги пичоқ билан К.А.ни бир неча марта жароҳатлаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 104-моддаси 2-қисми д, к, э, л бандлари (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Р. ва М.Б. процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)