Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қарор лойиҳасига кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб аэропортлар, йўл қурилиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, иссиқлик таъминоти, нефть маҳсулотларини сотиш ва бошқа соҳалардаги корхоналарнинг давлат улушларини босқичма-босқич хусусий секторга сотилади.
Шунингдек, рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш, қайта ишлаш, сотиш ва тайёрлаш фаолияти билан хусусий сектор шуғулланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ 2022-2026 йилларда хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ойлик муддатда табиий монополиялар инфратузилмаларидан хусусий секторни тенг-шароитларда фойдаланишини таъминлаш мақсадида табиий монополия соҳаларини тартибга солиш ҳамда асосий фаолият тури табиий монополия бўлмаган субъектлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тартиб ишлаб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Ўзбекистонда давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тартиби белгиланганди. Унга кўра, Давлат функциялари аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ҳамда бошқа механизмларни қўллаган ҳолда хусусий секторга ўтказилади.
Изоҳ (0)