Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 16 декабрь куни рафиқаси ҳамроҳлигида Сеулга борганди. Президент матбуот хизмати 17 декабрь куни Жанубий Корея президентининг Сеулдаги Чонг Ва Де қароргоҳида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президенти ва унинг рафиқаси шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Тантанали маросимда ушбу мамлакатнинг қадимий тарихи ва ёрқин замонавийлиги ўз аксини топди.
Хабарда айтилишича, расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида Сеулдаги миллий қабристондаги ёдгорлик пойига гулчамбар қўйгани ва эсдалик битиги қолдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Сеулда бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон—Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилади. Энг аввало, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, инновациялар ва юқори технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Миллий ассамблеяси раҳбарияти, ушбу мамлакатнинг энг йирик компания ва банк-молия институтлари вакиллари билан учрашади.
Ташриф 18 декабргача давом этади ва унинг якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.
Мавзуга доир: Сеулда Алишер Навоийга бюст ўрнатилди
Изоҳ (0)