Американинг Time журнали муҳаррирлари «Йил одами – 2021» учун ўз танловини эълон қилди. Улар SpaceX ва Tesla компаниясининг раҳбари, дунёдаги энг бой одам Илон Маскни ушбу эътирофга лойиқ деб топди. Танлов трансляцияси нашрнинг YouTube каналида берилган.
Time’да таъкидланишича, Маск бошқарадиган машинани унинг ўзи яратган, бу машинага ҳайдовчининг деярли кераги йўқ. Шунингдек, «биргина бармоқ силкиш билан» у фонд бозорига ва Марс ҳақидаги орзуларга таъсир ўтказиши мумкин.
«Бу одам Ер сайёрасидаги, келажакда, эҳтимол, ундан ташқаридаги ҳаётга фавқулодда таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгаришининг экзистенциал инқирозидан, тенгсизлик муаммоларидан тортиб янги имкониятлар чегараларгача — ҳеч ким бу йилги мавзуларни 2021 йил одами Илон Маскдан яхшироқ ўзида мужассам этмаган», — дея эълон қилди журналнинг бош муҳаррири Эдвард Фелзентал.
2021 йилда Маск тарихда бойлиги 300 миллиард доллардан ошган илк миллиардерга айланди.
1927 йилдан бери ҳар йили Time «Йил одами»ни эълон қилади.
Журнал талқини бўйича Барак Обама (2012 йил), Рим Папаси Франциск (2013), Эбола билан курашувчилар (2014), Ангела Меркель (2015), Дональд Трамп (2016), таъқиблар ҳақида хабар берган одамлар (2017), «ҳақиқатни ҳимоя қилувчи» журналистлар (2018), Грета Тунберг (2019), Жо Байден ва Камала Харрис (2020) ушбу эътирофга сазовор бўлган.
Аввалроқ Time журнали томонидан ўқувчилар орасида ўтказилган сўровномада 24 фоиз овоз билан Бразилия президенти Жаир Болсонару йил одами деб топилганди.
Изоҳ (0)