Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги машина ўқувчиларини уриб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди. Хабарда автомобиль русуми маълум қилинмаган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи кечки соат 18:00 атрофида 30–40 тезликда кетаётган бўлган. Икки вояга етмаган бола бошқа автомобилдан қочиб, машина йўлига чиқиб қолган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ҳайдовчи болаларнинг бирини ўз машинасида шифохонага олиб борган, иккинчи ўқувчини эса тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетган. Воқеа сабаб болаларнинг бири вафот этган, иккинчисининг эса аҳволи оғир.
Ҳолатдан сўнг вилоят ЙҲХБ томонидан тезкор штаб тузилиб, ЙТҲ сабаблари ўрганилган. Маълум бўлишича, автоҳалокат содир бўлган кўчада йўл ёритиш чироқлари ўрнатилмаган. Йўлнинг қатнов қисмида эса нотекисликлар мавжуд бўлган.
Ҳодисадан бир кун ўтиб, бу йўлларни текислаш, сунъий нотекисликлар ётқизиш ишлари бошлаб юборилган. Эндиликда маҳалланинг 1,5 километрли марказий кўчасига ёриткич чироқлари ҳам ўрнатилиши маълум қилинган.