Деновдаги икки қаватли савдо мажмуасидаги портлаш, дастлабки тахминларга кўра, газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган. Бу ҳақда ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, портлаш оқибатида камида 9 киши тан жароҳати олган, 2 киши ҳалок бўлган.

«Портлашнинг тахмин қилинаётган сабаби бу — савдо мажмуасида газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши. Хавотирга ўрин йўқ. Ҳозирги вақтдаги асосий тахминга кўра, савдо мажмуаси ичидаги газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидалари бузилиш оқибатида газ-ҳаво аралашмаси ҳосил бўлганлиги ва портлаш аралашманинг чақнаши оқибатида юз берган», — деди Музаффаров.

ФВВ вакилининг қўшимча қилишича, савдо мажмуаси атрофидаги бир нечта аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектлари биноларига, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига зиён етган. «Ҳозирда бахтсиз ҳодисанинг оқибатларини бартараф этиш борасида ФВВ, ИИО, Миллий гвардия ва тегишли идора ва ташкилотларнинг ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ишларни амалга оширмоқда», — дея қўшимча қилди у.