Наманган шаҳрида 22—27 ноябрь кунлари Ўзбекистон—Тожикистон қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги.
Маълум қилинишича, музокараларда демаркация масалалари муҳокама қилинган ва ўзбек-тожик чегарасининг демаркация чизиғи лойиҳаси бўйича ўзаро келишилган таклифлар тайёрланган.
Қайд этилишича, учрашув дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида ўтган. Учрашув якунлари бўйича тегишли баённома имзоланган.
«Ишчи гуруҳларнинг навбатдаги мажлиси Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 17—22 май кунлари Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг демаркация қўшма комиссияси доирасидаги йиғилиши бўлиб ўтганди. Учрашувда ўзбек-тожик давлат чегара белгиларини ўрнатиш бўйича фикр алмашилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш масаласини муҳокама қилгани, Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича қирғиз ҳукумати делегацияси раҳбари Тошкентга келгани хабар қилинган.
Изоҳ (0)