Трансфер бозори ҳеч қачон барқарор бўлмаган. Ўйинчиларнинг трансфер қиймати тез-тез ўзгариб туради. Бу футболчининг муваффақияти, унинг жамоадаги роли, қўлга киритган ютуқлари ва кўплаб бошқа факторларга боғлиқ. Ўз навбатида Transfermarkt портали ҳам мунтазам равишда ўйинчиларнинг нархларини янгилаб туради. Қуйида дунёнинг энг қиммат (трансфер нархи 100 миллион евро ва ундан юқори) ўйинчилари ҳақида ҳикоя қилинади.

Кевин де Брюйне Клуби: «Манчестер Сити» Ёши: 30 да Трансфер қиймати: 100 миллион евро

Фото: Twitter

Кевин де Брюйне доимий равишда юқори савияни сақлаб турибди. 2018 йилнинг майидан 2020 йилнинг апрелигача футболчининг трансфер қиймати 150 миллион еврони ташкил қилган. Бу унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич эди. Ҳозиргача бельгиялик футболчининг нархи 50 миллион еврога арзонлади, аммо у шунга қарамай юқори ўринларда бормоқда. Май ойидан бери ярим ҳимоячининг ҳозирги нархи ўзгармай турибди. Айни дамда у дунёнинг ва «Манчестер Сити»нинг энг қиммат футболчиларидан бири ҳисобланади. Қолаверса, Кевин Премьер Лиганинг ҳам энг қиммат беш футболчисидан биридир. Бельгияликнинг кўрсатаётган ўйини эса уни яна маълум муддат ушбу рейтингда қолади деб айтишга асос бўла олади.

Неймар Клуби: «ПСЖ» Ёши: 29 да Трансфер қиймати: 100 миллион евро

Фото: Twitter

Сўнгги пайтларда Неймарнинг ҳам трансфер нархи секин-асталик билан пасайиб бормоқда. 2017 йилнинг октябридан 2019 йилнинг декабригача бразилиялик футболчи 180 миллион еврога баҳоланган эди. Бу унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич бўлган. Ўшандан бери футболчи мунтазам равишда, лекин секинлик билан нархини «йўқотмоқда». Май ойидан кейин эса «ПСЖ» вингери яна 10 миллионга арзонлашди, аммо бу унинг юқори поғонада қолишига тўсқинлик қилмаяпти. Айни дамда Неймар энг қиммат бразилиялик футболчи бўлиб турибди. «ПСЖ» ва Лига 1 да Килиан Мбаппедан кейинги ўринда бормоқда. Ватандошлари рейтингида у энг яқин таъқибчиси Маркиньосдан сезиларли даражада олдинда, ҳимоячи 75 миллион еврога баҳоланган.

Муҳаммад Салоҳ Клуби: «Ливерпуль» Ёши: 29 да Трансфер қиймати: 100 миллион евро

Фото: Getty Images

Салоҳ бу рўйхатга 10 миллион еврога арзонлаган ҳолда кирди. Аммо кейинги рейтингда мисрликнинг кўрсаткичи ҳозир кўрсатаётган ўйинидан келиб чиқиб, яхшиланиш эҳтимоли жуда юқори. Эҳтимол, «қизиллар» вингери 2018 йилнинг майидан 2020 йилнинг апрелигача бўлган муддатдаги нархига ҳам қайтиши мумкин. Ўшанда футболчи 150 миллион еврога баҳоланган ва бу унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич эди. Аммо ҳозир ҳам у энг қиммат мисрлик футболчи, «Ливерпуль»нинг энг қиммат ўйинчиси, шунингдек, АПЛнинг энг қиммат футболчиларидан бири бўлиб турибди. Бундан ташқари, Муҳаммад Салоҳ Неймар билан бирга 1992 йилда туғилган энг қиммат футболчилар рейтингини ҳам бошқармоқда.

Ромелу Лукаку Клуби: «Челси» Ёши: 28 да Трансфер қиймати: 100 миллион евро

Фото: Twitter

«Интер»ни тарк этгач, Лукаку 10 миллион еврога қимматлади. Аммо бельгиялик страйкер айнан миланликлар сафидаги ўйинлари эвазига 100 миллион еврога кўтарилганди, бу унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Ҳужумчининг аввалги трансфер рекорди 2019 йилнинг декабрида ўрнатилган эди. Ўшанда футболчи 90 миллион еврога баҳоланганди. Ҳозирда Ромелу «Челси»нинг энг қиммат футболчиси ва Премьер Лиганинг энг қиммат беш футболчисидан бири саналади. Бундан ташқари, Лукаку де Брюйне билан бирга Бельгия терма жамоасининг энг қиммат футболчилари ҳисобланади. «Челси»даги ўйинлари унинг трансфер нархига қандай таъсир кўрсатишини эса вақт кўрсатади.

Жек Грилиш Клуби: «Манчестер Сити» Ёши: 26 да Трансфер қиймати: 100 миллион евро

Фото: Twitter

Грилишнинг ҳозирги бозор қиймати унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Охирги янгиланишдан бери «Манчестер Сити» вингери 35 миллион еврога қимматлашган. Жек ҳозирда Кевин де Брюйне билан бирга «Сити»нинг энг қиммат футболчиси ва иккинчи энг қиммат инглиз ўйинчиси ҳисобланади. У, шунингдек, Премьер Лиганинг ҳам энг қиммат беш футболчисидан бири. Ёзда «Манчестер Сити» унинг трансфери учун «Астон Вилла»га 117 миллион евро тўлади. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, «шаҳарликлар» вингер учун жуда кўп пул тўлаб юборган. Жек ҳақиқатан ҳам янги клубдаги фаолиятини жуда ёрқин бошлагани йўқ, лекин унда ҳали ўзига сарфланган кичкина бўлмаган маблағни оқлаш учун етарли вақт бор.

Ҳарри Кейн Клуби: «Тоттенҳэм» Ёши: 28 да Трансфер қиймати: 120 миллион евро

Фото: Twitter

Кейн 2020 йилнинг апрелидан бери жорий бозор қийматида қолмоқда ва шу боис дунёнинг энг қиммат уч ўйинчисидан бири сифатида эътироф этилади. 2018 йилнинг майидан 2020 йилнинг апрелигача ҳужумчи 150 миллионга баҳоланган. Ҳарри «Тоттенҳэм», Англия ва Премьер Лиганинг энг қиммат футболчиси ҳисобланади. Шунингдек, у дунёнинг энг қиммат ўйинчилари ичида 3-ўринда қайд этилган. Кейннинг мавсум бошидаги унчалик ёрқин бўлмаган ўйинини ҳисобга олинса, кейинги рейтингларда унинг ўрни «қимирлаб» қолиши ҳам мумкин: Премьер Лиганинг 10 ўйинида биттадан гол ва ассист 120 миллион евролик ҳужумчи учун яхши натижа эмаслиги ҳақида баҳслашишга ҳожат йўқ, шундай эмасми? Аммо ким билсин, эҳтимол, Ҳарри тез орада яна аввалги (одатдаги) даражасига қайтар.

Эрлинг Ҳоланд Клуби: «Боруссия Д» Ёши: 21 да Трансфер қиймати: 150 миллион евро

Фото: Twitter

Ҳоланд доимий равишда ҳам ўйин борасида, ҳам трансфер қиймати бўйича ўсиб бормоқда. Шу кунга қадар ҳужумчи 20 миллион еврога қимматлашган. Футболчининг ҳозирги қиймати унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Эрлинг айни дамда «Боруссия Д», Бундеслига ва Норвегия терма жамоасининг энг қиммат футболчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, у дунёнинг энг юқори нархли икки футболчисидан биридир. Ҳоландни ёрқин келажак кутаётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Навбатдаги мавсумнинг асосий интригаларидан бири ҳам ёш, аммо аллақачон юлдуз бўлиб улгурган ҳужумчининг фаолиятини қаерда давом эттириши бўлиб турибди. Вариантлар талайгина ва уларнинг барчаси топ-даражадаги жамоалардан.

Килиан Мбаппе Клуби: «ПСЖ» Ёши: 22 да Трансфер қиймати: 160 миллион евро

Фото: Twitter

Ҳоланддан фарқли ўлароқ, Мбаппе ҳамон шу йилнинг май ойида белгиланган трансфер қийматида қолиб келмоқда. Бундан ташқари, бу унинг энг юқори кўрсаткичи эмаслигини ҳам қўшимча қилиш керак. 2018 йилнинг декабридан 2020 йилнинг апрелигача ҳужумчи 200 миллион еврога баҳоланганди. 40 миллион йўқотганига қарамай Килиан ҳозирда «ПСЖ», Лига 1 ва Франция терма жамоасининг энг қиммат футболчиси, дунёнинг энг қиммат марказий ҳужумчиси ва шунга мос равишда сайёранинг энг қиммат ўйинчиси ҳисобланади. Мбаппе ушбу юқори рейтингда биринчи бўлиб турган бўлса-да, Ҳоланд тимсолида жиддий рақобатчи билан баҳс олиб бориши керак. Кўпгина мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан бу йигитлар Криштиану Роналду ва Лионель Месси давридан кейин узоқ йиллар «Олтин тўп» учун курашда бир-бирига асосий рақиб бўлади. Бунинг қанчалик ҳақиқат экани кейинчалик маълум бўлади. Ҳозирча эса ҳамма нарса шунга ишора қилмоқда.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!