Президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг Кемерево вилоятидаги «Листвяжная» конида содир бўлган портлаш оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан мамлакат президенти Владимир Путинга таъзия йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишини тилган.
Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни Россиядаги «Листвяжная» кўмир конида ёнғин чиққан. «ТАСС»нинг фавқулодда хизматлардаги манбасига таяниб ёзишича, 11 нафар кончи ва уч нафар қутқарувчи ҳалок бўлган дея тан олинган, яна 38 киши бедарак йўқолганлар сафида. ФВВ шахтада қолганлар эса омон қолмаганини таъкидламоқда.
Беловский шаҳар округидаги «Листвяжная» конидаги ёнғин маҳаллий вақт билан соат 08:51 да (Тошкент вақти билан 06:51) 250 метр чуқурликда содир бўлган, ҳозирда шахтадаги ишлар тўхтатилган. Кўмир шахтасида ёнғин чиқиши бўйича вилоят Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 2-қисми, 217-моддаси (хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги саноат хавфсизлиги бузилишининг инсон ўлимига олиб келиши) бўйича жиноий иш очган.
Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни «АрселорМиттал Темиртау» компаниясига қарашли «Абай» шахтасида тўсатдан метан ажралиб чиқиши содир бўлганди. Фожиа оқибатида олти ишчи ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган. 9 ноябрь куни куни Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга фожиали воқеа оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирган эди.
Изоҳ (0)