Turkish Airlines’нинг ТК-369Д рейси 18 ноябрь куни эрталаб Тошкентдан Истанбулга бир суткадан ортиқ кечикиш билан парвозни амалга оширди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, парвоз 17 ноябрь куни эрталаб соат 09:45 га белгиланган эди. Йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш соат 06:00 да — жўнашдан уч соат олдин бошланган. Бироқ Тошкентдаги об-ҳаво шароити туфайли рейс беш соатга кечиктирилган.
Аэропортда ушланиб қолингандан сўнг, самолёт экипажи смена тугаши ва парвознинг бекор қилинишини эълон қилган. Йўловчилар аэропортга қайтишган. Эрталабки парвоз учун чипталар қайта рўйхатдан ўтказилган. Йўловчиларнинг бир қисми шаҳарга қайтган.
«Аэропортда қолишга мажбур бўлганлар иссиқ овқат билан таъминланган ва кутиш учун шароит яратилган», — дейилади компания хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси об-ҳаво ноқулайлиги сабаб бир қатор халқаро ва маҳаллий рейслар парвозини кечиктирган эди. Кейинроқ кечиктирилган барча рейслар ўз йўналиши бўйича учиб кетгани маълум қилинди. Фақат Turkish Airlines авиакомпаниясининг Тошкент—Истанбул йўналиши бўйича учиши керак бўлган ТК-369 рейси номаълум муддатга қолдирилган эди.
Изоҳ (0)