Перу мудофаа вазири Уолтер Эдисон Аяла Гонсалес 8 ноябрь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. У сўнгги ҳафтада ўз лавозимини тарк этган иккинчи вазирлик раҳбари, деб ёзади «ТАСС».
«Мен ўз лавозимимни республика президенти ва Қуролли кучлар Олий бош қўмондони зиммасига топшираман, давлатимга миннатдорчилик билдираман ва ватан олдидаги бурчимни ниҳоясига етказаман», — деб ёзди у Twitter’да.
Маҳаллий El Comercio газетасига кўра, мудофаа вазири бир қатор юқори мартабали ҳарбий амалдорлар гўёки уларга мамлакат президенти Педро Кастилёга яқин одамларнинг лавозимини кўтариш учун босим ўтказилгани ҳақида шикоят қилганидан сўнг истеъфога чиқди.
2 ноябрь куни Перу ички ишлар вазири Луис Баррансуэла пандемия даврида Ички ишлар вазирлигининг ўзи томонидан қўйилган тақиқни бузган ҳолда зиёфат уюштирганликда айбланиб, истеъфога чиққанди.
Октябрь бошида Перуда бош вазир ва ҳукумат алмаштирилган эди. Хусусан, собиқ бош вазир Гвидо Беллидонинг ўрнига мамлакат Конгрессининг собиқ раиси Мирта Васкес хоним янги бош вазир сифатида қасамёд қабул қилган.
Аввалроқ Канадада қишлоқ хўжалиги вазири ичкиликбозлик сабаб истеъфога чиққани, Украинада эса бош вазирнинг икки ўринбосари ўз лавозимини тарк этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)