2021 йилнинг июль ойида Германиянинг ғарбий қисмида юз берган ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида кўрилган умумий зарар рекорд миқдорни — 29,2 миллиард еврони ташкил қилди. Бу ҳақда Tages-Anzeiger нашри хабар берди.
Ушбу сумма Германия ҳукуматининг табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун Европа Иттифоқи бирдамлик фондидан молиявий ёрдам сўраб Европа комиссиясига юборган аризасида кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда табиий офат қолдирган барча йўқотишларнинг ярмидан кўпи Рейнланд-Пфалз федерал штатига, 40 фоизи Шимолий Рейн-Вестфалия штатига тўғри келади. Қолган маблағ Бавария ва Саксониядаги вайронагарчиликни қоплаш учун зарур. Қайд этилишича, бу миқдор Германияда 2002 ва 2013 йилларда содир бўлган сув тошқинларидан кўрилган зарардан бир неча баробар кўпдир.
Германия билан бир қаторда Нидерландия, Бельгия, Люксембург ва Австрия ҳам Европа Иттифоқи бирдамлик фондига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу аризаларнинг барчаси энди Европа Комиссияси текширувидан ўтиши керак. Шу билан бирга, йўқотишларнинг умумий миқдори фонд ҳажмидан бир неча баравар кўп, чунки ҳозирга қадар фонд ҳар йили 1,3 миллиард еврони ўз ичига олар, бу сумманинг бир қисми учинчи мамлакатларга фавқулодда тўловлар учун мўлжалланар эди.
Ҳозирги зарар ҳисобга олинса, Германия 1,5 миллиард евро талаб қилиши мумкин. Бироқ Дпа агентлиги маълумотларига кўра, бу йил фондда бор-йўғи 40,7 миллион евро маблағ мавжуд. Пулнинг қолган қисми аллақачон сарфланган, шунинг учун фонд Германияга етказилган зарарнинг бешдан бирини ҳам қоплай олмайди.
2021 йил 13 июлдан Ғарбий Европада кучли ёмғирлар кузатилди ва ёғингарчилик бир неча кун давомида тўхтамади. Германия, Бельгия, Швейцария, Нидерландия ва бошқа давлатларда дарёлар ўзанларидан тошиши оқибатида кучли сел ва тошқинлар кузатилди. 200 дан зиёд одам ҳалок бўлган, шундан 170 дан ортиғи Германияда ҳаётдан кўз юмган. Сув тошқинлари мамлакат тарихида 60 йил ичидаги энг катта талафотлардан бири бўлди.
Изоҳ (0)