Ғазодаги лагерларда тери касалликлари тарқалмоқда, вазият ёзга келиб янада оғирлашиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (UNRWA)га таяниб, Al Jazeera хабар берди.
Сўнгги ойларда лагерларда яшовчи фаластинликлар орасида тери инфекциялари сони уч баравар кўпайган. Ҳароратнинг кўтарилиши, чодирлардаги аҳоли сонининг ортиши ва санитария ҳолатининг ёмонлашуви қўтир, сувчечак ва бошқа касалликлар тарқалишига замин яратмоқда.
2024-йилда Ғазода камида 150 минг киши тери касалликларидан азият чеккан. Соғлиқни сақлаш ходимлари ёз яқинлашар экан, бу ҳолат такрорланишининг олдини олиш зарурлигини таъкидламоқда. Улар уруш туфайли тиббий асбоб-ускуналар етишмовчилиги кузатилганини қайд этган.
2025 йил октябрь ойидан бери Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилган бўлса-да, Исроил ҳудудга зарбалар беришда давом этмоқда. Шунингдек, анклавга тиббий асбоб-ускуналар импортини кескин чекланган.
“Бутун сектори кўчирилган одамлар билан тўла. Миллионлаб одам тиқилинчда яшамоқда. Биз ҳиқиндихонада яшашга мажбурмиз. Бу жуда катта муаммо. Энди нима қиламиз? Итлар, мушуклар, бургалар, каламушлар тарқалмоқда... қўлимга қаранглар!”, деди Ғазодаги қочқинлар лагерларидан бирида яшовчи фаластинлик Фавзи ал-Нажжор.
Тиббий воситалар камлиги сабаб, ал-Нажжар каби кўплаб фаластинликлар яқинларини даволаш учун уй шароитидаги воситалардан фойдаланмоқда. БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, кўчирилган ҳудудлардаги вазият ёмонлашишда давом этмоқда.
“Жойлардаги гуруҳлар Ғазодаги одамлар орасида зараркунандалар ва тери инфекциялари ҳали ҳам кўпайиб бораётганини таъкидламоқда. Март ойида бундай инфекциялар БМТ назорат қилаётган жойларда уч баробардан кўпроққа ошди”, деган эди у апрель ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Инқироз ҳозирда деярли 10 минг кишига таъсир қилмоқда (январда бу кўрсаткич тахминан 3 минг эди). Дюжаррик вазиятни оғирлаштирмаслик учун битларга қарши шампунлар, лосьонлар, гигиена воситалари, пестицидлар ва инсектицидларнинг кириб келишини кенгайтиришга чақирди.
Ғазо жанубидаги Хон Юнисда тиббиёт ходимлари инфекция тарқалишини камайтириш учун минглаб чодирларни дезинфексия қилмоқда. Бироқ зарур материаллар етишмаслиги сабаб кўплаб лагерлар ишловсиз қолиши мумкин.
“26 кун ичида биз жами 200 минг чодирдан 50 мингдан ортиғига дори сепдик. Биз зарур воситалар етишмаслиги билан курашяпмиз, чунки пестицидлар маҳаллий бозорда мавжуд эмас”, деди Хон Юнис муниципалитети матбуот котиби Саэб Лаган.
“Тери касалликлари яқин мулоқот туфайли тез тарқалади. Биз бу алоқанинг олдини ололмаймиз. Улар билан курашиш ҳозирда жуда қийин, чунки дори-дармонлар йўқ. Даволанишдан кейин зарур бўладиган шароти, масалан, етарли овқатланиш, вентиляция ва гигиена ҳам йўқ”, деди Ғазодаги умумий амалиёт шифокори Салим Рамазон.