Ўзбекистон ОТМларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Президент ва давлат стипендияларини тайинлаш тартиби тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳукуматнинг бу борадаги айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Киритилган қўшимчаларга кўра, бакалавриат ва магистратура талабалари учун Президент ва давлат стипендияларини тайинлаш тартиби алоҳида тасдиқланган. Президент стипендияси ҳар бир ОТМ бакалавриат талабаларининг 1 нафар битирувчи курс талабасига тайинланади.
Бошқа давлат стипендиялари охирги икки курсда ўқиётган талабаларга тўланади. Стипендиялар учун номзодларни кўрсатиш ОТМ кенгашлари томонидан талабгорларнинг ўқув ва илмий фаолиятини оммавий муҳокама қилиш асосида амалга оширилади.
ОТМ кенгаши қарорига асосан танловларнинг навбатдаги босқичига тавсия этилган номзодлар «Stipendiya.edu.uz» тизимига ҳар йили 1—15 август кунлари киритилади.
Стипендия тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни бериш 10—30 сентябрь кунлари кўриб чиқилади. Стипендиялар 1 сентябрдан тайинланади.
Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни Президент «Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Қарорга кўра, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Президенти гранти жорий қилинди.
Изоҳ (0)