Хитой ҳукумати Сурияга мамлакатни тиклаш ва COVID-19 пандемиясига қарши курашда ёрдам беришни давом эттирмоқчи. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 5 ноябрь куни Сурия президенти Башар Асад билан телефон суҳбати чоғида маълум қилди.
«Хитой Сурияга COVID-19 га қарши курашда ёрдам беришда давом этади, шунингдек, мамлакатнинг тикланишида ва унинг ривожланишини қайта йўлга қўйишда қўллаб-қувватлайди», — дея Си Цзиньпиннинг сўзларидан иқтибос келтирди Хитой марказий телевидениеси.
«Хитой Суриянинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва ташқи кучларнинг Сурия ички ишларига аралашишга бўлган уринишларига қатъий қарши чиқади», — деди Си Цзиньпин.
Бунга жавобан Сурия раҳбари Хитойга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва Дамашқ хитойлик инвесторларнинг мамлакатни қайта қуришдаги иштирокини олқишлашини айтди.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Хитой раиси Си Цзиньпинни юзма-юз учрашувга таклиф қилгани, лекин Си Цзиньпин таклифни рад этгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)