АҚШ, Австралия ва бир қатор Европа мамлакатлари терговчилари иштирокида олиб борилган Dark HunTor махсус операцияси натижасида қурол ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган 150 га яқин киши қўлга олинди. Бу ҳақда Europol хабар берди.

Фото: AP Photo

Хусусан АҚШда 65 киши, Германияда 47, Буюк Британияда 24, Италияда тўрт, Нидерландияда тўрт, Францияда уч, Швейцарияда икки ва Болгарияда бир киши ҳибсга олинган. Уларнинг деярли барчаси DrakMarket (қора бозор) платформасининг йирик сотувчилари бўлган.

Dark HunTor операцияси турли махсус хизматлар вакилларининг ҳамкорлиги натижасидир. Улар орасида ФҚБ, Австралия, Германия, Франция, Италия ва бошқа давлатларининг терговчилари бор. Операция Австралия, Болгария, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Швейцария, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардаги жиноятчиларни ушлашга қаратилганди.

«Dark HunTor операциясининг аниқ мақсади фақат битта эди — шу вақтгача даркнет (интернетдаги қора бозор)да яширинган наркотик моддалар сотувчилари, харидорлари ва етказиб берувчиларини овлаш ва улар ўз маҳсулотларини сотиш учун янги платформа топа олмаганига ишонч ҳосил қилиш», — деди АҚШ бош прокурори Лиза Монако.

Махсус операция давомида нақд пул ва криптовалюта шаклидаги 30 миллион доллардан ортиқ маблағ, 234 килограмм гиёҳвандлик воситалари, жумладан 32,5 килограмм экстази ва 152 килограмм амфетамин, шунингдек, 45 дона ўқотар қурол мусодара қилинди.

Халқаро текширув Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлигида 10 ой давом этди. «Ноқонуний қуроллар, гиёҳванд моддалар ва ўғирланган кредит карта маълумотларини сотиш билан боғлиқ операцияларнинг муҳим қисми даркнетда амалга оширилади», — дейди германиялик терговчилар.

2020 йил сентябрь ойида АҚШ, Германия, Нидерландия, Буюк Британия, Австрия ва Швецияда даркнетда наркотик ва қурол сотувчи 179 киши ҳибсга олинганди. Қўлга олинганлардан 6,5 миллион доллардан ортиқ миқдордаги нақд пул ва виртуал валюта, 500 килограмм наркотик моддалар, 64 дона ўқотар қурол мусодара қилинган.