Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ФҲДЁ архив маълумотларидаги ноаниқликлар, хатоликлар, маълумотларнинг мос келмаслиги ҳолатлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

«Potrebitel.uz»нинг ёзишича, айрим фуқаролар оила аъзоларининг исм-фамилиялари нотўғри қайд этилганига, ўзларининг фарзандлари «йўқолиб», ўрнига «ортиқча» бола пайдо бўлганига, вафот этганига бир неча йил бўлган ота-онаси ФҲДЁ архив маълумотларида ҳали ҳам тирик экани кўрсатилганига гувоҳ бўлган.

«Табрикланг, менда иккита эр бор экан — бири ҳақиқийси, иккинчиси ўзимдан 15 ёш кичик нотаниш киши. Шу билан бирга, ўзим турмушга чиқмаган эканман», — деган шундай хатоликка гувоҳ бўлган аёллардан бири.

Ягона порталдаги ФҲДЁ архив маълумотларини текширган эркаклардан бири унинг эри ва ундан икки қиз фарзанди борлиги қайд этилганига гувоҳ бўлган.

Давлат хизматлари агентлиги ушбу масалага муносабат билдирди. Унда айтилишича, тизимда фуқароларнинг 60 миллионга яқин ФҲДЁ архив маълумотлари рақамли кўринишда акс этган. Бугунги кунда мутахассислар томонидан ушбу тизим такомиллаштирилиб, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд маълумотларга бириктириш ишлари амалга оширилмоқда.

«Ушбу жараён ҳали тўлиқ якунига етказилмаганлиги ҳамда синов жараёнида эканлиги сабабли, тизимда ноаниқликлар учрамоқда. Мутахассислар эса ўз навбатида уларни бартараф этиш учун тинимсиз ҳаракатда.

Лекин янгиликларни жорий этишда турли ноаниқликлар, хатоликлар, маълумотларнинг мос келмаслиги ҳолатларига ҳам дуч келмоқдамиз. Тизимдаги ушбу хизматни синов тариқасида жорий этишдан кўзланган мақсад — сизлар билан ҳамкорликда ишончли ва аниқ маълумотларни шакллантириш», — деб таъкидланган агентлик муносабатида.

ФҲДЁ маълумотлари билан боғлиқ ноаниқ маълумотлар кўрсатилганига дуч келган фуқаролар Давлат хизматлари агентлигига 71-207-00-66 телефони орқали мутахассисларнинг 1027, 1028, 1056 ички рақамларини терган ҳолда хабар бериш мумкинлиги билдирилган.

Аввалроқ Давлат хизматлари агентлиги томонидан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тўловини («суюнчи пули») ота-онадан бирининг банк пластик картасига ихтиёрийлик асосида ўтказиб бериш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилган эди.