Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) махсус координатори, ташкилотнинг Ўзбекистонда президентлик сайловларини кузатувчи қисқа муддатли миссияси раҳбари, австриялик депутат Рейнхольд Лопатка журналистлар билан суҳбатда сайлов кампанияси ва президент сайлови ҳақидаги фикрлари билан бўлишди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: «Gazeta.uz»

Сайлов кузатувчиси сифатида Тошкентдаги қатор сайлов участкаларига ташриф буюрган Рейнхольд Лопатканиниг таъкидлашича, президент сайлови у кузатувчи бўлган 2019 йил декабрдаги парламент сайловлари каби, яхши даражада ташкиллаштирилган. Бундан ташқари, Рейнхолд Лопатка сўнгги йилларда сайловлар соҳасида мамлакатда ривожланиш бўлганини қайд этди. «Сизлар тўғри йўлдасизлар, лекин бу охирги қадам эмас, навбатдаги қадамларни қўйиш керак», — деб таъкидлаган у.

Шу билан бирга, ЕХҲТ вакили сайловдаги айрим камчиликларни ҳам қайд этган. «[Сайлов участкаларидан бирида] бир кишининг, нега билмадим, сайлов қутисига иккита бюллетен ташлаганини кўрдим», — деган у.

Рейнхольд Лопатканинг фикрича, сайлов кампаниялари давомида президентликка номзодларнинг айтган гапларида катта фарқ кузатилмаган.

«Австрияда номзодлар ўртасида рақобат ва кураш анча кучлироқ. Ҳатто сиз сайланган президент бўлсангиз ҳам, бошқа номзодлар кампания давомида сиз ҳақингизда танқидий фикрлар билдириши мумкин. Бу менинг юртим ва Ўзбекистон ўртасидаги жуда катта фарқ», — дейди Рейнхольд Лопатка.

Номзодларнинг сайлов кампаниясини ёритиш борасида эса Рейнхольд Лопатка «албатта, у тенг бўлмади, лекин амалдаги президентни бошқа номзодларга қараганда кўпроқ ёритиш ғарб мамлакатларида ҳам кузатилади», дея фикр билдирган.

Маъмурий ресурсларнинг сарфланиши борасида эса у шундай деган: «Европанинг айрим давлатларида талаблар қатъий ва ундан фойдаланишнинг иложи йўқ. Аниқ талаблар бўлиши, қонунчилик билан белгиланиши доим муҳим».

Рейнхольд Лопатка муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар қаторидан номзодларни фақат сиёсий партиялардан кўрсатиш шартини ҳам қайд этиб ўтган. «Айрим партиялар рўйхатга олинмаган», — дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти сайловида овоз бериш жараёни 24 октябрь куни соат 20:00 га қадар давом этади. Тошкент вақти билан соат 17:00 ҳолатига кўра рўйхатга олинган жами сайловчилар (19 859 127 киши)нинг 71,6 фоизи ёки 14 258 780 киши овоз бериб бўлди.