Тошкентлик кўча рассоми Inkuzart куни кеча Ўзбекистон президенти сайловига ҳамда Жанубий Кореянинг «Кальмар ўйини» сериалига ишора қилувчи граффити чизди. Янги граффити ҳақидаги видеохабарида рассом: «Келажак учун овоз беринг», деб чорлов қолдирган.

Рассом ўзининг ижод намунасини Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидаги деворлардан бирига чизган. Inkuzart’нинг энг машҳур ишларидан бири — Қодирий, Чўлпон ва Фитрат портретлари ҳам айнан шу чорраҳадаги кўп қаватли уйлардан бирининг деворига чизилган.

Ўзбекистонда 24 октябрь куни соат 08:00 дан президент сайловида овоз бериш бошланди. Сайлов участкалари соат 20:00 гача очиқ бўлади. Давлат раҳбари лавозими учун беш номзод — «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёев, Экологик партиядан Нарзулло Обломуродов, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Алишер Қодиров ва Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова кураш олиб боради.