Ўзбекистон нефть ва газ тармоғида энг йирик ишлаб чиқарувчи бўлган «Ўзбекнефтгаз» АЖ S&P Global Ratings’нинг «BB-» даражасидаги «Барқарор» прогнози билан узоқ муддатли халқаро кредит рейтингини олди.

Кредит рейтинги — рейтинг агентлигининг қарздорнинг умумий кредит лаёқати ёки кредит олувчининг аниқ қарздорлик мажбуриятлари бўйича хавф омилларини баҳолашга асосланган фикри.

2021 йил 30 сентябрь куни S&P Global Ratings агентлиги «Ўзбекнефтгаз» АЖга илк марта халқаро кредит рейтингини тақдим этди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил февраль ойида «Ўзбекнефтгаз» АЖ рейтинг агентликларидан халқаро бозорга босқичма-босқич кириш учун халқаро кредит рейтингини олиш ишларини бошлаган эди.

Амалга оширилган ишлар натижасида ва «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг кредит қобилияти тўғрисидаги маълумотлар асосида S&P Global Ratings қўмитаси томонидан узоқ муддатли кредит рейтинги (BB-/Барқарор) берилди, ушбу рейтинг Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтингига мос келади.

Маълумот учун

«BB» кредит хавфлари мавжуд бўлиши мумкин экани, бироқ компания инвесторлар ва кредиторлар олдидаги молиявий мажбуриятларини бажара олишини билдиради.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятининг асоси, углеводородларни қазиб олиш, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва полимерларни сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳукумат қарорига мувофиқ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ компанияни жаҳоннинг етакчи нефть-газ компаниялари томонидан қабул қилинган бизнес юритишнинг энг яхши амалиёт ва стандартлари асосида иш олиб бориши бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Ўзбекистон Республикаси учун стратегик аҳамиятга эга компания ҳисобланади. Компания саноат секторини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда ва Ўзбекистон Республикаси бюджетига иккинчи энг йирик солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади.

Ҳисоботга кўра, агентлик «Ўзбекнефтгаз» АЖни Ўзбекистон ҳукумати учун энг муҳим давлат корпорацияларидан бири сифатида баҳолайди, бу эса миллий иқтисодиёт учун газ ва суюқ углеводородларни нисбатан паст тарифларда етказиб беришини акс эттиради.

Шунингдек, ушбу рейтинг таҳлилчиларнинг компаниянинг миллий иқтисодиётдаги муҳим ролига кўра, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш эҳтимоли нисбатан юқори бўлишини билдирган. Агентлик таъкидлашича, компания йирик капитал инвестиция дастурини молиялаштиради ва GTL заводини ортиқча харажатларсиз муваффақиятли ишга туширади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати