«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — беш йилдан буён Туркияда ишлаётган 53 ёшли муҳожир аёл.
Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ошкор этилмади.
Туркияга келишдан мақсадим — эримнинг операцияси ва қизларимнинг ўқиши учун етарли миқдорда пул топиш бўлган. Беш йил давомида энага бўлиб ишладим, Аллоҳга беҳисоб шукр, аксарият мақсадларимга эришдим. Аммо пул топаман деб болаларимга энг керак бўлган вақтимда уларнинг ёнида бўлолмадим. Биринчи бор Туркияга кетаётганимда ўғлим 6 ёш эди, унинг 1-синфга чиққанини кўролмагандим. Орадан йиллар ўтиб яна ишлашга кетдим. Ўғлим 2021 йил мактабни битирди, бу сафар ҳам унинг қувончли кунини кўриш насиб қилмади.
Мусофирчиликда ўтган умрим менга катта дарс берди. Синалдим, алдандим, турли гап-сўзларга чидадим. Балки, менинг ҳаётим четга ишлашга кетмоқчи бўлган аёлларимизга ибрат бўлар деган мақсадда бошдан ўтказганларимни ҳикоя қилиб беришга қарор қилдим.
Асли Хоразмда туғилиб ўсганман. Кўп қариндошларимиз пойтахтда таҳсил оларди. Уларнинг ортидан мен ҳам 10-синфни битириб, Тошкентга келганман. Ўша йили Тошкент давлат чет тиллари университети (ҳозирги Жаҳон тиллари университети)нинг немис тили факультетига ўқишга кирганман. У вақтлари бакалавриат таълими беш йиллик эди. Бешинчи курслигимда хоразмлик йигитга турмушга чиқдим, пойтахтда қолдик. Университетни тамомлаб, мактабда немис тилидан дарс бера бошладим.
Бир йилдан сўнг фарзандли бўлдим. Бу орада мактабимизда немис тили дарслари қисқартирилди. Кейин эса кетма-кет яна фарзандли бўлдим. Қайта ишга чиқмадим. Эрим ишлади, мен эса уйда болаларим тарбияси билан банд бўлдим.
Йиллар ўтиб, турмуш ўртоғимда юрак етишмовчилиги касаллиги аниқланди. Шифокорлар эримнинг тузалиши учун операция қилдириш кераклигини айтди. Кўплар Ҳиндистондаги малакали мутахассисларга операция қилдириш кераклигини маслаҳат берди. Бироқ бизда бунинг учун етарлича пул йўқ эди.
Эрим ишдан қолди, мен рўзғорни тебратиш учун давлат ташкилотига ишга кирдим. Топиш-тутишим яхши эди, лекин рўзғор ва болаларнинг харажатидан ортиб, операция учун пул йиға олмадим.
Ўша пайтда бир қўшним Туркияда ишларди. Мен ҳам унга ўхшаб, четга ишга кетишни ўйладим. Кириб гаплашдим, у олиб кетишга рози бўлди. Хўжайиним ва ота-онам билан маслаҳат қилиб, 2010 йилда илк бор Туркияга ишлашга келдим.
Бошида фирибгар ўзбек аёлга алданиб қолганман
Биласизми, ҳаётда шундай вазиятлар бўлар эканки, сизни бегоналар эмас, айнан ўз миллатдошларингиз чув тушираркан. Мен ҳам бошида бир фирибгар ўзбек аёлига алданиб қолганман. Туркияга қўшнимга ишониб боргандим, у эса мени самарқандлик бир аёлга ишониб олиб борган экан.Боришимиз билан аёл паспортимни олиб қўйган. Ишлаган жойларимга мендан олдин келиб, маошимни олиб кетарди. Ўша пайтлари турмуш ўртоғимнинг мазаси йўқ, лекин мен уйга пул юбора олмасдим. Қайтиб кетай десам пулим ҳам, паспортим ҳам йўқ. Чорасизликдан жуда ёмон қийналганман. Орадан олти ой ўтиб, самарқандлик аёл паспортимни қайтариб берган. Шундан кейин олган маошларимни уйдагиларга юборишни бошлаганман.
Онани яратмасин экан
Туркияда аёллар асосан чақалоқлар ва ёши катта аёлларга энагалик қилади. Чунки ҳам ётоқ жой, ҳам ош-овқати тайин бўлади. Мен бошида уч ойлик эгизак чақалоқларга қараганман. Кечаси болага қараб ухламасдим, кундузи уй ишлари билан банд бўлардим. Вақт ўтиб, кучим етмай қолган. Кейин эса бошқа ишга — ёши катта аёлга қарашга ўтганман. Ўшанда ойлигим 600 доллар эди.У пайтлари ҳозиргидай Telegram, Имо каби мессенжерлар йўқ эди (бўлса ҳам мен билмасдим). Пулни кўзим кўрмасди: маошимнинг ярмини телефонимга ташлаб, болаларимга қўнғироқ қилардим, тинмай хабар олардим. Боиси болаларим ҳали жуда ёш, катта қизим 16 да кичиги 6 ёшда эди. Болани болага омонат қилиб, бу ерларга келгандим (ҳозир қайси юрак билан чиқиб кетган эканман деб ўйлаб қоламан).
Мен уларнинг энг керакли даврида ёнида эмасдим. Кечалари йиғлаб чиқардим. Қиз бола экан қўрқаркансиз. «Болам қаердасан?», «Нима кийиб чиқиб кетяпсан?», «Ким билансан?» деб сўрайверардим. Ким билан ўртоқ бўлса, уларнинг ота-оналари билан боғланиб, «қизим фарзандингиз билан биргами?» деб хабар олардим.
Кўплар устимдан куларди. Мижғовсан, топган пулинг телефонга кетяпти дерди. Уй эгаларига ҳам ҳадеб телефонда гаплашишим ёқмасди. Лекин нима қилай, онани яратмасин экан. Ихтиёр ўзимда эмасди. Ўз-ўзидан хавотир олиб, телефон қилаверардим.
Қизларимнинг бир кунини бўш қолдирмасдим. Уларни пазандалик, ҳамширалик, компьютер курсларига ўқитинг деб хўжайинимга пул юборардим.
Энди қайтиб Туркияга кетмайман дегандим, аммо...
Топганларимни фақат фарзандларимнинг илм олиши учун сарфладим. Тайёрлов курсларига бердим, доим назорат қилдим. Алҳамдулиллаҳ, меҳнатларим самарасини бериб, иккила қизим ҳам Жаҳон тиллари университетига ўқишга кирди. Иккисини ҳам контрактда ўқитдик. Мен 2013 йил Ўзбекистонга қайтдим. Катта қизимни турмушга узатдик.Ўзимизда турмуш ўртоғимни операция қилдирдик. Аммо жуда оғир ўтди. Эрим ҳаракатсизлиги сабаб ҳамма жойини яра босиб кетди. Бир йил тўшакка михланиб қолди. Ўзим қарадим. Ўша пайтлари ҳар хил гап-сўзлар тарқалган. Энди эринг ётиб қолади деб ҳатто ўзимга ҳам айтишган. Яшайверсангиз, ҳар хил одамни кўравераркансиз.
Операциядан сўнг, анча қийналиб қолдик. Орада иккинчи қизимни узатдик. Қолаверса, ўғлим ҳам ўқишга тайёргарлик кўраётганди.
Эрим оёққа турди, лекин оғир иш қилолмасди. Энди қайтмайман дегандим, бироқ боламнинг ўқиши учун 2019 йилда яна Туркияга ишлашга келдим.
Мен Туркияга дам олгани келмаганман
Туркияда иш топиб берадиган ширкатлар кўп. Омадингиз келиб ҳалол ширкатга учрасангиз, иш топиб, унга ўрганиб кетгунингизча сизга ёрдам беради. Мен ҳам бир яхши инсон орқали Газиантеп шаҳридан иш топдим.Ҳозир машҳур бир оиланинг кекса онасига қарайман, у 86 ёшда. Ўзимиз алоҳида турамиз, юқори қаватимизда ўғли, пастимизда эса қизи яшайди. Яшаш жойимизда шароит зўр. Онахоннинг хонаси ҳам алоҳида, менга ҳам алоҳида хона, ҳаммом, ҳожатхона берилган. Коммунал тўловлар, еб-ичиш, хуллас, ҳамма нарса иш берувчи ҳисобидан.
Ойлигим 550 доллар. Туркияда ишлаганларга ҳафтада бир кун изн, яъни дам олиш куни берилади. Хоҳлаганлар олади, хоҳламаганлар ўша куни ҳам ишлайверади. Ўша кун учун 50 лира (тахминан, 5 доллар) пул берилади.
Шартнома тузилаётганда «мен дам олишга келмаганман, борадиган жойим ҳам йўқ. Ўша кунимга ҳисоблаб, пулимни берсангиз ишлайвераман» деганман. Мен кетган кунларим қизи қарарди. У изн куни учун 50 лира эмас, 100 лира беришини айтган. Мен дам олмасдан ишлайман. Агар жуда зерикиб кетсам, онахон билан ён-веримиздаги супермаркетларга чиқамиз. Айланиб келамиз.
Туркияда ишлайдиганларнинг аксарияти олий маълумотли
Туркияда жуда кўп ўзбек аёллари ишлайди. Аксарияти водий, Самарқанд ва Хоразмдан. Айниқса, мен ишлаётган шаҳарда (кварталда) ўзбек муҳожирлари жуда кўп. Ҳар бирининг ўз ҳикояси бор. Бири ёшгина туриб бева қолган, бирининг бошига мусибат тушган, яна кимдир ўқиб, бўш вақтида ишлайди. Эр-хотин келиб ишлаётганлар ҳам бор. Кўпчилиги болалар ва катталарга қарайди, уй тозаловчи бўлиб ишлайди. Энг ачинарлиси, муҳожирларнинг аксарияти олий маълумотли.Афсуски, мусофирлар орасида нотўғри ишлар билан шуғулланаётганлари ҳам бор. Эшитиб турамиз. Афсуски, бироқ улар сабаб болам-чақам деб ишлаб юрган аёлларнинг ҳам номи ёмон отлиққа чиқади. Шу сабаб кўпчилик Туркия, Дубайда ишлайдиган аёллар ҳақида одатда ёмон хаёлга боради. Мен ҳам бошида қизларим бўлгани учун Туркияда ишлаётганимни ҳаммадан яширганман. Болаларимга ҳам мени Туркияда ишлаяпти деманглар, қолаверса, олий маълумотлиман уяламан, дердим.
«Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-у тарози» дейилганидай, Туркияда ишлашнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор.
Бироқ ҳалол ишлаган одам ишини, ўрнини топиб кетади. Масалан, ишга кираётганимда шифокор кўригидан ўтказиб, кейин олишган. Сил, ОИТС, турли юқумли тери таносил касалликлари йўқми деб қон таҳлилларини топширтиришган. Негаки буни кўпчилик оилалар талаб қилади.
Ёлғиз аёлга осон эмас
Ўзим кўп китоб ўқишини яхши кўраман. Мутолаа қилиш мени ёлғизлик, хасрат, умидсизликдан қутқаради. Шеър ҳам ёзиб тураман. Ўшанда болаларимни ташлаб кетаётиб, самолётда қуйидаги мисраларни ёзганман:Рўзғор юкин ортиб елкага, Аёл чиқиб кетар қаерга? Жондан азиз қоракўзларин, Топширади ёлғиз Аллоҳга.
Аллоҳ ризқин сочган қаёққа? Яна билмас қайси томонга. Жоҳиллардан безган бу аёл, Ёлворади ёлғиз Аллоҳга.
Сиз бормангиз ёмон хаёлга Осон тутманг «ёлғиз» аёлга.
Болаларимни ўйлаб, хаста онамнинг олдига бормаганман
Ҳаётимдаги энг катта армоним ҳақида айтмоқчиман. Токи одамлар мен каби бир умр пушаймон бўлиб юрмасин.Онам раҳматли онкологик касалликка чалинган эди. Тошкентда операция қилдирганмиз. Операция яхши чиқди дейишган, аммо уларнинг аҳволи яхши эмасди. Қишлоқда айни ёз пайти, иш кўп, онамга қарашга боқувчи керак бўлган. Кундузи қараб кетишарди, аммо кечаси ҳам ёнида бир одам бўлиши керак эди. Мен аҳмоқ, оқибатсиз эса Тошкентда болаларимни кимга ташлаб келаман деб онамнинг ёнига бормаганман. Ваҳоланки, болаларим катта бўлиб қолганди.
Туркиядалигимда мана пул учун болаларингни ташаб келдинг-ку, керак бўлса памперс кийдириб ишлаяпсан-ку, наҳотки бир ой волидангга қарамадинг деб ич-этимни еганман. Виждон азобига чидолмай йиғлаганман.
Туркиядан келиб, ёнларига борганман. Ўшанда бир ҳафта ёнларида бўлганман, жуда қувонгандилар... Онажоним 2015 йил Қурбон ҳайити байрамида қўлларимда жон бериб, бу дунёни тарк этдилар.
Нега дуоларини олиб, ёнларида бўлмадим деб ўзимга савол бераман. Тўғри, онам ёлғиз эмасдилар, келинимиз, опа-сингилларим келиб турарди, аммо мен ҳам фарзанд эдим-ку деб жуда кўп афсус чекаман.
Баъзида соғинчга чидаб бўлмайди
Мусофирнинг нони ширин, азоби минг яширин бўлади. Юрак юрагингизда фарзандлар дийдори, ватан соғинчи ўртайверади. Набирам бор беш ёш. Видеоқўнғироқ орқали гаплашсак, «Ойижон, қачон келасиз?» деб сўрайверади. «Вирус бор-да болажоним, самолёт учмаяпти» десам, у «Йўқ, йўқ, самолёт учяпти мен кўрдим, ниқоб тақиб чиқсангиз учиришади, келинг» дейди.Фарзандлардан ҳам набираларнинг хасратига чидаш қийин экан, аввалари ота-онам айтса ишонмасдим. Баъзан шундай истак туғиладики, кошки ҳозир шу дақиқанинг ўзидаёқ, уйимда, фарзандларимнинг олдида бўлиб қолсам деб ўйлайман, йиғлайман. Яна ўзимни босаман, бор дардимни жойнамозга тўкаман, ўша ердан ҳаловат топаман.
Бу туйғуларни ҳис қилишни, бегона юртларга келишни ҳеч бир бир аёлга раво кўрмасдим.
Икки фарзандим бюджетга ўқишга кирди
Тўғри, мен бегона юртларда болаларимдан узоқда бўлдим. Аммо улар юзим ёруғ қилиб, меҳнатларимни зое кетказишмади. Ўтган йили учинчи қизим Тошкентдаги нуфузли бир олийгоҳга давлат гранти асосида ўқишга кирди. «Ойижон, бу сизнинг меҳнатларингиз, дуоларингиз» деб жавоб варақасида биринчи ўринда турганини жўнатган эди. Алҳамдулиллаҳ, бу йил ўғлим ҳам давлат гранти асосида университетга қабул қилинди.Баъзан инсон шунчаки эътибор кутаркан
Турмуш ўртоғим афғон уруши қатнашчиси, соғлиғида жиддий муаммолар билан яшади. Аммо миннат бўлмасин деб бирор марта бу ҳақида ҳеч кимга айтмади. Доим ўзлари «Бурчимни бажарганман» дейдилар. Бир марта рағбат, табрик олмаганмиз. Майли, ҳеч қандай моддий рағбат кутмаймиз, лекин одам баъзан шунчаки эътиборга ташна бўларкан, кутаркан.Ҳозир ногиронлик нафақасига чиққанлар. Шукр, фарзандларим бошидалар, оиламиз бахтига соғ бўлсинлар.
Яқинда фарзандларим бағрига, она юртимга бутунлай қайтмоқчиман. Қизларимни сўрашяпти, иншаоллоҳ, бориб тўйлар қиламан. Энди кетсам бу ерларга қайтиб келмайман деб умид қиляпман. Ёшим ҳам 55 га қараб кетяпти. Бироқ яна Яратган билгувчи. Боиси, 2013 йилда ҳам болаларимнинг олдида бўламан, қайтиб келмайман дегандим, лекин вазият яна Туркияга боришни тақазо қилганди. Хуллас, яна ортимга қайтаманми, йўқми буни вақт кўрсатади.
Лойиҳада иштирок этишни истаган муҳожир юртдошларимиз Telegram’даги @daryomuxbiri’га мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга доир:
- «Битта машина олсам бўлди, бу ерларга қайтиб келмайман». Россияда қурилишда ишлаётган олий маълумотли ўзбекистонлик муҳожир ҳикояси
- «Мен ҳам ибодатларимни қилиб, уйда ўтиргим келади, аммо бу пулни ўзимизда тополмайман». Ўғлининг қимордаги қарзларини узиш учун Москвада ишлаётган 56 ёшли аёл ҳикояси
- «Елкамдаги масъулият оғирлигидан ҳатто тушимда ҳам Ўзбекистонда бўлиб қолиш мен учун қўрқинчли». Москвада ишлаётган сурхондарёлик йигит ҳикояси
- «Болаларимни ўкситмаслик учун қўлимдан келганини қиляпман». Туркияда ишлаб, фарзандини Лондонда ўқитаётган ўзбекистонлик муҳожир аёл ҳикояси
Изоҳ (0)