18 октябрь куни Ўзбекистонга Pfizer/BioNTech вакцинасининг 526 500 дозалик яна бир партияси олиб келинди, деб хабар беради ССВ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь куни Ўзбекистонга 1,2 миллион дозадан ортиқ Pfizer вакцинаси келтирилган эди. Айни вақтда мамлакатга олиб келинган Pfizer/BioNTech вакцинасининг умумий миқдори 1726 500 дозага етди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда эмлаш бошланганидан бери келтирилган вакцина миқдори эса 29 214 488 дозани ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, мамлакатда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни ҳам Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмлашга рухсат берилган. 14 октябрь ҳолатига кўра, юртимизда 151 124 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган.

Аввалроқ Ўзбекистонга октябрь ойида яна 800 минг доза Pfizer ва 1,7 млн доза Sinovac олиб келиниши, йил охиригача мамлакатга келтириладиган вакциналар сони 47 миллион дозадан ошиши режалаштирилгани тўғрисида хабар берилганди.