Октябрь бошида Польша Конституциявий суди мамлакат конституцияси Европа Иттифоқи қонунларидан устун туриши ҳақида қарор чиқарди. Расман олиб қараганда, Польша ҳукуматининг бу ҳаракати мамлакатни Евроиттифоқдан чиқаришга қўйилган қадамдир. Боз устига анчадан буён Евроиттифоқ мамлакат консерватив ҳукуматининг мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик эркинликларига қарши тазйиқларидан норози бўлиб келади. Польша мухолифати аллақачон бутун мамлакат бўйлаб ва чет элда Европани қўллаб-қувватловчи йирик намойишларни бошлаб юборган. Журналист Станислав Кувалдин «Полекзит» — Польшанинг Евроиттифоқдан чиқиши эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқинлигини тушунтириб берди
Польша Конституциявий суди айнан қандай қарор қабул қилди? Нима учун бу мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши хавфини уйғотади?
Польша ҳукумати раҳбари Матеуш Моравецкийнинг мурожаатига жавобан Польша Конституциявий суди 7 октябрь куни Европа Иттифоқи суди Польша суд органларининг ваколатига тааллуқли қарорлар чиқариш ҳуқуқига эга ёки йўқлигини ҳал қилди. Яна бир муҳим савол кун тартибида турарди: Польша судьялари Европа Иттифоқи судининг Польша қонуни меъёрларига зид бўлган ва бошқа Польша судьяларининг қонунийлигини шубҳа остига қўядиган қарорларига мурожаат қила оладими? Охир-оқибат Конституциявий суд Евроиттифоқ асосий суд органининг бундай қарорлари Польша конституциясига зид деган қарорга келди, чунки бу ҳолда Польша суверен давлат сифатида иш олиб боролмайди.
Бош вазирнинг шикоятига Евроиттифоқнинг 2021 йил 2 мартдаги қарори сабаб бўлган. Унга кўра, Евроиттифоқ Олий суд органи Польша судларига Польша қонунчилиги меъёрларининг Евроиттифоқ қонунларига мувофиқлигини мустақил равишда баҳолаш, аниқланган ҳар қандай номувофиқликни Иттифоқ меъёрлари билан тенглаштириш ҳуқуқини берди.
Худди шу қарор билан Польшанинг турли инстанция судларига 2018 йилдан кейин тайинланган судьяларнинг ваколатлари ва Миллий Суд кенгашининг ислоҳотларини шубҳа остига олиш ваколати берилди. Бу қарор асосий ўзини ўзи бошқариш органи бўлган судни ҳукмрон партия назорати остига қўйди ва уни мустақилликдан маҳрум қилди.
Бир томондан Европа Иттифоқи судининг қарори гипотетик жиҳатдан Польшадаги суд тизимининг фалажланишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун соф прагматик нуқтаи назардан Польша ижроия ҳокимиятининг вазият хавфли томонга ривожланишини тўхтатиш йўлидаги мотивларини тушуниш мумкин. Бироқ бунинг учун танланган восита янада хавфлироқ бўлиши мумкин. Евроиттифоқ суди ўзининг 2 мартдаги қарорида Иттифоқнинг таъсис ҳужжати Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартномага ва аниқроғи, ушбу шартноманинг 19-моддасига ишора қилади. У Европа Иттифоқи судининг «миллий юрисдиксия органларининг илтимосига биноан Иттифоқ қонунини талқин қилиш ёки институтлар томонидан қабул қилинган актларнинг ҳақиқийлиги тўғрисида» қарор қабул қилиш ҳуқуқини белгилайди.
Бу қарорнинг бош моҳияти эса 2-моддани назарда тутади: унда Иттифоқ барча аъзо давлатлар томонидан ҳурмат қилиниши керак бўлган қиймат бирлигига асослангани айтилган. Польша Конституциявий суди ушбу шартноманинг бандларини расман шубҳа остига олмади, лекин судга Польша суд тизимини баҳолаш учун уларни қўллашга имкон берувчи «талқин»га қўшилмади: бу Польша конституциясига зид деб ҳисоблади.
Бундан келиб чиқадики, Польша конституцияси халқаро шартномалардан юқори қўйилган. Бир қатор польшалик ҳуқуқшуносларнинг фикрича, вазиятдан тўғри чиқиш йўллари саноқли: ё Польша қонунларини, жумладан, конституцияни ўзгартириш ёки Польшани Европа Иттифоқидан чиқариш.
Бу Польша ҳукуматига нима учун керак?
Польшадаги ҳукмрон «Қонун ва Адолат» партияси (ҚвА) 2015 йилда ҳокимиятга келиши биланоқ «маъмурий ресурс»дан фойдалана бошлади. У қўллаган усуллардан бири — давлат ОАВлари устидан, хусусан уларнинг таҳририят сиёсати устидан назоратни кучайтириш, бошқа бири, эҳтимол, янаям муҳимроғи эса — суд тизими устидан назорат ўрнатиш эди.
2015 йилда ҚвА Конституциявий суд атрофида инқироз келтириб чиқарди. ҚвА кўпчилик ўринни эгаллаган сейм (Польша парламентининг қуйи палатаси)нинг янги таркиби ўзидан аввалги парламент чақириғи билан тайинланган бешта судьянинг қонунийлигини тан олмади ва уларнинг ўрнига ўз номзодларини танлади.
Янги бешта судьядан учтасининг ваколатлари ҳалигача сиёсатчилар ва Конституциявий суд ҳакамлари томонидан «ноаниқ» деб ҳисобланади — уларнинг ўрнида сеймнинг аввалги таркиби томонидан танланган ва Конституциявий суднинг ўзи тан олган номзодлар бор. Шунга қарамай, бу судьялар ўз вазифаларини бажаришга кириша олмади, чунки ҚвА вакили Польша президенти Анжей Дуда уларнинг қасамёдини қабул қилишдан бош тортди.
Янги судьялар қаторидан Юлия Пшилембская жой олган. 2001 йилда Польшанинг Берлиндаги консулхонасида бир муддат ишлаган Пшилембская ўзининг судьялик мақомини тикламоқчи бўлганида, унинг илгариги суд ишлари сифатини текширган профессионал судьялар ҳайъати қарори билан унга рад жавоби берилганди. Бир неча йил ўтиб, бундай текширувлар бекор қилингандан сўнг Пшилембская судьяликка қайтишга муваффақ бўлди. Аммо Пшилембская Конституциявий судга қўшилганидан кўп ўтмай президент Дуданинг қарори билан суд раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Ўшандан бери жамиятнинг мухолифат кайфиятидаги қисми Конституциявий суднинг қонунийлигини бутунлай рад этиб, уни «Пшилембскаянинг конституциявий суди» деб атайди — бу биринчи навбатда, захирадаги судьялар иштирокида қабул қилинган қарорларга тааллуқлидир. 7 октябрь куни Моравецкийнинг илтимосини кўриб чиқишда улар ҳам иштирок этган.
Бундан ташқари, 2018 йилда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлайдиган, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш махсус органи бўлган Суд Миллий Кенгаши (Кражоwа Рада Сąдоwниcтwа) тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Кенгаш турли инстанция судьялари, жумладан, Олий суд судьяларининг номзодларини тасдиқлайди. Энди ҚвА томонидан назорат қилинувчи сейм кенгаш аъзоларини танлашдаги таъсирини сезиларли даражада кенгайтирди, бу эса кенгашни ҳокимиятнинг бошқа тармоқларидан мустақил бўлишини ҳеч бўлмаганда қисман йўққа чиқаради.
Миллий Суд кенгашининг ноаниқ мақоми автоматик равишда унинг ёрдамида танланган судьяларнинг қонунийлигига шубҳа туғдиради. Бу, биринчи навбатда, 2018 йилда тузилган махсус орган — Олий суднинг интизом палатасига тааллуқлидир. Унинг ваколатларига адвокатлар, прокурорлар ва судьялар томонидан процессуал ва интизомий бузилишларни текшириш, шунингдек, судья ва прокурорлардан дахлсизликни олиб ташлаш киради. Палата таркиби тўлиқ Миллий Суд кенгаши томонидан кўрсатилган номзодлар орасидан танланади, унинг ваколатлари эса Польша жамиятининг катта қисмида, сиёсатчилар ва юридик ҳамжамиятда шубҳа уйғотади.
Яъни ҳозирда Польша суд тизимида сўзсиз авторитетга эга бирорта орган йўқ ҳисоби.
Европа Иттифоқи нималар қилишга улгурди? Польша ҳукумати бунга қандай муносабат билдирди?
Польша суд тизимидаги вазият узоқ вақтдан бери Европа Иттифоқини ташвишга солиб келади. Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартномага кўра, Иттифоқнинг қадриятлари «инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, эркинлик, демократия, тенглик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, озчиликларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш»ни ўз ичига олади. ҚвАдаги консерватизм ва евроскептицизм анча олдин Брюсселни ғазабини қўзғатган, лекин суд ҳокимияти мустақиллигининг бузилиши — ҚвА томонидан кўрилган чораларни шундай изоҳлаш мумкин — реакция билдириш учун асосли сабаб бўлди.
2016 йилда Европа Комиссияси Польшада қонун устуворлиги тамойилларига таҳдидлар борлигини қайд этиб, махсус тартибни ишга туширди, унинг якуний қисми Польшани Европа Кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиши, яъни иттифоқ даражасида энг муҳим қарорларни қабул қилишдан четлатиши мумкин эди.
Унинг оқибатларини олдиндан айтиб бўлмаслиги сабабли Европа Иттифоқи жараённи охирига етказишга журъат эта олмади. Бироқ Польша Европа Иттифоқи маъмурий тузилмаларининг рўйхатига тушди. Польшани Европа Кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жараёни тугалланмаган бўлса-да, у иттифоқчилар ва Европа Иттифоқи раҳбариятининг мамлакат ҳақидаги бошқа қарорларига таъсир қилиши мумкин.
Масалан, Европа Иттифоқининг 2021–2027 йиллар учун янги узоқ муддатли молиявий режасини муҳокама қилишда Европа бюджетидан тўловларни Иттифоқнинг турли мамлакатларида қонун устуворлигига ҳурмат тамойиллари билан боғлаш ғояси кўриб чиқилди. Таклиф донор мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва тўғридан-тўғри Польшага боғланди, чунки у Европа бюджетидан энг кўп грант ва субсидиялар олувчи давлат.
2020 йил февраль ойида Польшада судьяларга бошқа судьяларнинг ваколатларини ва уларнинг ҳаракатлари қонунийлигини очиқчасига шубҳа остига қўйишни тақиқловчи қонун кучга кирди (улар Европа Иттифоқи қонунларига мурожаат қилиш орқали шундай қилиши мумкин эди). Бу қонун Польша мухолифати орасида «тумшуқбоғлар тўғрисидаги қонун» номи билан танилди. 2020 йил апрель ойида Европа Комиссияси Польшадан уни бекор қилишни талаб қилди ва мамлакатни Европа Иттифоқи қонунларини бузганликда айблади. Польшадан ҳеч қандай жавоб олмагач, Европа Комиссияси Европа Иттифоқи судига мурожаат қилди.
2021 йил 14 июлда Европа Иттифоқи суди «тумшуқбоғлар тўғрисидаги қонун» бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди ва интизом палатаси ўз фаолиятини бутунлай тўхтатиши кераклигини тасдиқлади. Польша ҳукумати буларнинг ҳеч бирини амалга оширмади.
Хўш, Польша Европа Иттифоқидан чиқадими? Бу мамлакат учун қандай хавф туғдириши мумкин?
Польшанинг Европа Иттифоқидан чиқишидан мамлакат ҳукуматининг ўзи ҳам, Европа Иттифоқи ҳам бирор манфаат кўриши даргумон. Шунга қарамай, Иттифоқнинг «хавотирли изҳорларини» эътиборсиз қолдириш йўлини танлаган Польша четлаб ўтиш мушкул бўлган оқибатларга дуч келди.
Биринчидан, Польшанинг Европа Иттифоқи қонунлари ва унинг судлари қарорларига очиқдан очиқ ҳурматсизлиги иттифоқдаги нуфузли давлатларни ғазаблантиргани аниқ. Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари аллақачон қўшма баёнот берди ва унда Польшанинг Европа Иттифоқи қонунларига риоя қилиши бўйича ҳуқуқий ва маънавий мажбурияти ҳақида гапирди.
Пандемиядан кейин Иттифоқ иқтисодиётини тиклаш учун Европа Иттифоқининг тикланиш ва барқарорлик фондидан Польшага пул ажратиши жиддий сўроқ остида. Бу фонддан Польшага 57 миллиард евро ажратилиши керак. Бироқ Польшани тиклаш миллий режаси Венгриянинг худди шунақа режаси каби ҳалигача Европа Комиссияси томонидан тасдиқланмаган.
Венгрияга маблағ ажратишнинг кечикиши Европа Иттифоқининг Виктор Орбан ҳукуматининг авторитар тенденцияларидан, Венгрия томонидан ЛГБТга қарши консерватив қонунлар қабул қилинишидан ва режим томонидан ташланган бошқа зиддиятли қадамлардан норозилиги билан изоҳланади, энди эса Брюссель Венгрия унга сиёсий ён босишини кутяпти.
Польша режа суммасининг 13 фоизи миқдорида аванс олишга умид қилиши мумкин эди. Вазиятдан хабардор манбаларнинг тасдиқлашича, Еврокомиссия аванс тўловини Европа Иттифоқи суди қарорларининг бажарилиши билан боғлаган. Конституциявий суд қарори билан боғлиқ демаршдан кейин бутун суммани музлатиш ёки ҳатто йўқотиш масаласи кўтарилмоқда. Европа парламенти спикери ўринбосари Катрина Барли Польшанинг мухолифатчи нашри «Газета Виборча»га берган интервьюсида ҳозирги вазиятда кимдир бу пулни Польшага ажратишини «тасаввур қила олмаслигини» айтди. Еврокомиссиянинг кейинги қадамлари ҳали ноаниқ, лекин вазиятнинг кескинлигини ҳисобга олсак, уларнинг Варшава фойдасига ташланиши даргумон.
Польша суд жамоатчилигидаги ҳолат тарқоқлигича қолмоқда, уларни фақат репрессия орқали итоат қилдириш мумкин, вазият Конституциявий суд қароридан кейин ҳам ўнглангани йўқ. Польшанинг Европа Иттифоқидаги мавқейи ҳақидаги саволнинг кескинлашуви ва ҳеч бўлмаганда иттифоқдан чиқиш ҳақидаги фаразий хавф мухолифат кучларига (уларнинг кўпчилиги келажакни Европа Иттифоқи билан боғлайди) келгуси ҳаракатлар учун аниқ кун тартибини белгилайди.
10 октябрь куни Варшавадаги Қалъа майдонида 100 мингдан зиёд одам иштирокида катта митинг бўлиб ўтди, Польшанинг бошқа шаҳарларидаги акциялар эса мамлакат мухолифат кучларини бирлаштирди. Мамлакатнинг амалда Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиш эҳтимоли паст бўлса ҳам бундай хавф, Польша жамиятидаги либерал ва сўлчилар қисмининг фикрича, Польшани Европадан «цивилизация жиҳатдан» узишга интилаётган ҚвАдан энг ёмон умидлар кутилаётганини тасдиқлайди.
Аммо бундай нуқтаи назар билан ўйламайдиган польшаликлар учун ҳам Европа Иттифоқи билан муносабатларнинг мураккаблашуви яхши янгилик эмас. Европа бюджетидан олинадиган пулдан айрилиш эҳтимоли билан бир қаторда, бу Европа университетларида таълим олиш, чет элда ишга жойлашиш шартлари ва ҳатто пандемияда ҳам қисман сақланиб қолган умумевропа маконидаги бошқа имтиёзлар ҳақида ташвишланиш зарурлигини англатиши мумкин.
Brexit оқибатида Британия оролларида яшовчи ҳар бешинчи Польша фуқароси вақтинча бўлса ҳам ватанига қайтишга мажбур бўлганди. Бу эса мавжуд муаммоларни жиддий қабул қилишга ундайди. Улар фақатгина Польша ҳукуматига хайрихоҳларни ўйлантириш билан чекланмайди.
Изоҳ (0)