Татаристондаги Мензелинск шаҳри яқинида маҳаллий аэроклубга тегишли L-410 енгил самолёти қулаб тушди. Аниқлаштирилган маълумотларга кўра, бортда 22 киши: 20 нафар парашютчи ва икки нафар экипаж аъзоси бўлган, деб ёзади Meduza. Уларнинг 16 нафари ҳалок бўлган, яна олти киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Дастлаб етти нафар жабрланувчи ҳақида хабар берилган, еттинчи киши аслида йўловчилардан бирининг қариндоши бўлган, у ҳалокат жойида ҳушини йўқотган.

Фото: Россия ФВВ

Самолёт аэродромдан учиб чиққанидан кейин дарҳол қулаган, бор-йўғи бир километрдан сал кўпроқ парвоз қилишга улгурган. Самолёт дарахтлар устидан паст учган, унинг бурун қисми юқорига кўтарилиб, қайрилиб қолган. Сўнг ҳаво кемаси ортга бурила бошлаган ва янада пастлаб, охир-оқибат қулаб тушган. Қулаш чоғида деворга урилган, корпуси қаттиқ шикастланган.

70 метр баландликда учувчилар двигателлардан бири ишламай қолганини хабар қилган ва шошилинч қўниш учун рухсат сўраган, деди Татаристон президенти Рустам Минниханов. Унинг сўзларига кўра, учувчилар самолётни турар жойлардан нарироққа олиб кетган. Аэродромдан, тахминан, бир километр масофада борт қаноти билан тўхтаб турган «Газель» автомобилига илашиб қолган, шундан кейин қулаган. 11 октябрь куни Татаристонда авиаҳалокат қурбонлари хотирасига мотам куни деб эълон қилинди.

Самолёт қулаши ҳолати бўйича икки ва ундан ортиқ кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳаво транспорти хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши ҳақида жиноят иши қўзғатилди. Аввалроқ самолёт ҳалокатига сабаблар сифатида техник носозлик, экипажнинг хатоси ва самолёт юкининг меъёрдан ошиб кетиши кўриб чиқилаётгани айтилган эди. «ТАСС» суҳбатдошига кўра, бортда эксплуатация талабларида назарда тутилганидан кўра кўпроқ йўловчилар бўлган. Аммо Мензелинск тумани раҳбари борт юки меъёридан ошмаганини маълум қилди.

Ҳалокатга учраган L-410 1987 йилдан буён парвоз қилиб келган. Дастлаб у СССР Ҳарбий-ҳаво кучларида фойдаланилган, кейинроқ Мензелинск ДОСААФ (Россия армияси, авиацияси ва флотига кўмак бериш кўнгиллилар жамияти) аэроклубига берилган. Клуб инструктори Олег Шипоров маълум қилишича, самолётни тажрибали учувчилар бошқарган, парашютчилар орасида эса биринчи марта сакраши керак бўлган янгилари ҳам бўлган. «Олти нафар омон қолган шахс самолётнинг дум қисмида ўтирган, ҳатто у ерда бўлган бир парашютчи кўкаришлар билангина омон қолган, самолётдан унинг ўзи чиққан», — деди инструктор.