Москвада жойлашган Катта театр («Болшой театр»)да «Садко» операси чоғида декорация артистлардан бирининг устига қулаб тушди, у ҳалок бўлди, деб ёзади «РБК».
«Саҳнадаги декорация опера қўйилаётган пайтда қулаб тушиб, актёрни босиб қолди, бу унинг ўлимига олиб келди», — дея маълум қилди шошилинч хизматлар ходимларидан бири «ТАСС»га.
Катта театр матбуот хизмати нашрга хабар беришича, ҳодиса декорацияларни алмаштириш чоғида юз берган. Ҳалок бўлган артист мимика ансамбли аъзоси бўлган. «Спектакль шу заҳоти тўхтатилиб, томошабинлар залдан чиқарилди», — дейилади хабарда.
«Интерфакс» манбасига кўра, декорацияларни алмаштириш чоғида актёр қандайдир сабабга кўра ушланиб қолган ва юқоридан рампа (чироқ) тушаётганини кўрмай қолган. Декорацияни ўзгартириш жараёни одатдагидек кечган, у қулаб тушмаган, деди манба.
Воқеа жойига терговчилар етиб борган, театр маъмурияти зарур ҳамкорликни кўрсатмоқда.
Театр сайтидаги афишага кўра, спектакль 9 октябрь, шанба куни 19:00 да (Тошкент вақти билан 21:00) бошланган ва тарихий саҳнада қўйилган.
Тергов қўмитаси текширув бошлади, шунингдек, шаҳар прокуратураси ҳам воқеани текширмоқда.
Ҳалок бўлган артист 37 ёшли Евгений Кулеш экани маълум бўлди, у 2002 йилдан буён театрда ишлаб келган.
Катта театрда декорацияни алмаштириш жараёни. Конструкция актёрнинг бошига келиб урилган, оқибатда у вафот этган.