Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсмани) Феруза Эшматова 8 октябрь куни журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон Биринчи Президентининг айни вақтда жазо муддатини ўтаётган тўнғич қизи Гулнора Каримованинг аҳволи ҳақидаги саволга жавоб берди.

Феруза Эшматова.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 200 дан ортиқ жазони ижро этиш муассасалари бўлиб, омбудсман уларга режа асосида бирма-бир ташриф буюради. «Мен шахсан ўзим бир неча бор аёллар колонияси (Зангиотадаги 21-сонли умумий тартибдаги аёллар колонияси)да, жумладан, мониторинг ташрифи билан бўлганман. У (Гулнора Каримова) билан суҳбат бўлган», — деди у.

«Gazeta.uz»нинг эслатишича, 2021 йилнинг июль ойида Гулнора Каримованинг қизи Имон у ва адвокатлари онаси билан учраша олмаётганини маълум қилганди. «Мен у билан учрашишга уриниб кўриш учун Ўзбекистонга қайтдим, аммо расмийлар уни ташқи дунё билан алоқасиз ушлаб туриш учун ҳар турли баҳоналар ўйлаб топишда давом этмоқда; ҳатто адвокатлар билан учрашиш, телефон қўнғироқлари, хатлар ва ҳоказоларга ҳам тақиқ қўйилган», — деб ёзганди у Instagram’даги саҳифасида.

Феруза Эшматованинг тахминича, томонлар коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чекловлари сабаб учраша олмаган бўлиши мумкин. «Ҳозирда бизга улардан бундай (учрашув ҳақида) мурожаат келиб тушмаган», — деди у.

Омбудсманнинг қайд этишича, коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси «чекловларни бироз юмшатгани» боис ҳозирги вақтда колонияларда қисқа муддатли учрашувлар амалиёти қайта тикланган.

Гулнора Каримованинг адвокати Фанни Маргайраз Le Temps газетасига берган интервьюсида у 2019 йил июнидан бери биринчи марта 2021 йилнинг 7 ва 8 сентябрь кунлари мижози билан қамоқхонада учрашишга муваффақ бўлганини маълум қилган эди. «Бу сафар биз у билан фақат ўзбекистонлик адвокат ва таржимон гувоҳлигида учраша олдик. Унинг қўлларида бир неча кўкаришлар бор эди», — деб таъкидлаган эди у.

Феруза Эшматованинг маълум қилишича, Гулнора Каримова сақланаётган колонияда такрорий мониторинг ўтказилади.

«Биз яна мониторинг ўтказамиз, чунки биз у ерда бўлгандик. Мен у билан учрашгандим. У билан учрашган вақтим ҳаммаси жойида эди. Биз яна мониторинг ўтказамиз, чунки битта мониторингдан сўнг биз такроран текширамиз», — деди омбудсман.

Ҳозир Гулнора Каримова билан ҳаммаси жойидами, қабилида берилган саволга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қисқача: «Ҳа», деб жавоб берди.

Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан бери 21-сонли колонияда жазо ўтамоқда. 2020 йил март ойида Олий суд матбуот хизмати Каримова хонимнинг 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганини маълум қилган эди.

2020 йил май ойида Каримованинг 10 миллион долларлик активлари Франциядан Ўзбекистонга қайтарилган эди. Ўшанда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримовага тегишли ва мамлакатга қайтарилаётган маблағларнинг қандай харажат қилинаётгани жамоатчиликка мунтазам ахборот тақдим этишга ваъда берганди.

2020 йил сентябрида Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг Швейцариядаги ҳисоб-рақамларидан олинган қиймати 131 миллион долларга яқин бўлган активлар Ўзбекистонга қайтарилиши борасида ҳадли келишувга эришгани маълум бўлган эди.