1940 йиллар охирида оддий, камтарона кийинган тинчликсевар бу инсон дунёнинг энг қудратли империясини мағлуб этиб, ватанига озодлик олиб келади. Унинг зўравонликсиз қаршилик кўрсатиш ҳаракати кўплаб халқларни илҳомлантиради. Исми Моҳандас Карамчанд Ганди ёки Маҳатма, яъни «Буюк руҳ» бўлган бу ватанпарвар инсон ҳаёти ва кураш йўли ҳақида «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров ҳикоя қилади.

Вазир оиласидаги кенжа фарзанд

Моҳандас Карамчанд Ганди 1869 йил 2 октябрь куни Ҳиндистоннинг ҳозирги Гужарат штатидаги Порбандар шаҳрида туғилади. Унинг отаси Порбандар бош вазири бўлиб, Ганди унинг тўртинчи хотинининг фарзанди эди. Гандининг онаси эса ўз-ўзини тарбиялаш ва аскетик тамойилларни илгари сурувчи жайнизмнинг вайшнавизм диний йўналиши мутаассиб фидойиси ҳисобланган. Ёш Моҳандас айнан онасининг катта таъсири остида улғаяди, Гандилар оиласи вегетарианлик, диний бағрикенглик ва зўравонликни рад этиш тамойилларига қатъий амал қиларди.

Ганди 13 ёшида ўзидан бир ёш катта бўлган Кастурба исмли қизга уйланади. Ўсмирлик пайтида у оиланинг қатъий диний эътиқодига қарши чиқади: чекиш, гўшт ейиш ва уй хизматчиларининг пулини ўғирлашни бошлаган Ганди, ҳатто фоҳишахонага ҳам боради. Аммо унинг айтишича, у ерда ҳеч нима бўлмаган, Худо Гандини гуноҳдан ҳимоя қилган.

Етти ёшли Ганди

Фото: Getty Images

Гарчи Ганди ёшлигида шифокор бўлишни хоҳласа-да, отаси ҳукуматда жой эгаллаши учун уни юридик соҳага йўналтиради. Бу даврда ҳуқуқшунослик бўйича дипломни Англияда олиш мумкин эди. 1888 йил 18 ёшли Ганди ҳуқуқшуносликни ўрганиш учун Лондон томон йўл олади. Юридик коллежни тугатиб уйга қайтган Ганди онаси унинг келишидан бир неча ҳафта олдин вафот этганини эшитади. Бомбейда бироз вақт адвокатлик билан шуғулланган Моҳандас бу соҳада муваффақият қозона олмайди ва ҳинд фирмасига юрист бўлиб ишга киради. Кейинроқ эса фирманинг Жанубий Африкадаги офисига юборилади.

Сатяграҳанинг пайдо бўлиши

Жанубий Африкага келган Ганди бу ердаги дискриминациядан ҳайратга тушади. Дурбан шаҳридаги судда судья ундан бошидаги салласини ечиб қўйишни талаб қилади. Ганди бундан норози бўлиб, суд залини тарк этади. Преторияга кетувчи поездда эса уни оқ танли йўловчига жой бермагани учун биринчи класс купедан ҳайдаб чиқариб, калтаклашади. Поезддаги воқеа Ганди ҳаётидаги туб бурилиш нуқтаси бўлди. Тез орада у расмийларга қарши норозилик ҳаракати сифатида сатяграҳа — зўравонликсиз пассив қаршилик кўрсатиш тушунчасини ишлаб чиқа бошлайди.

1906 йил Трансваал ҳукумати мамлакатдаги ҳинд аҳолининг никоҳларини тан олмаслик ва уларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор чиқаргандан сўнг Ганди ҳукуматга қарши саккиз йил давом этган «сатяграҳа»(ҳақиқат ва қатъийлик) деб номланган биринчи фуқаровий норозилик кампаниясини бошлайди. 1913 йил, норозиликнинг сўнгги босқичида юзлаб ҳиндлар, жумладан аёллар ҳам қамоққа ташланди, қаршилик кўрсатган ҳинд кончилари аёвсиз калтакланади ва ҳатто отиб ташланади. Бироқ Буюк Британия ва Ҳиндистон босими остида Жанубий Африка ҳукумати норозилик етакчилари Ганди ва генерал Ян Кристиан Смуцнинг келишув шартларини қабул қилади. Бу келишув ҳиндларнинг никоҳларини тан олиш ва улар учун солинган солиқни бекор қилиш каби имтиёзларни ўз ичига оларди.

Гандининг Жанубий Африкада адвокат бўлиб ишлаган даври

Фото: Getty Images

Қаршилик ҳаракати етакчиси

1914 йил Биринчи жаҳон уруши бошлангач Ганди Ҳиндистонга қайтади. 1919 йил у парламентнинг Роулат актини (британияликларга сиёсий фаолларни судсиз ҳибсга олишга ҳуқуқ берган) қабул қилишига жавобан норозилик кампаниясини уюштиради. Аммо зўравонликлар бошланиб кетгач (хусусан, Амрицар шаҳрида тўрт юзга яқин ҳинд отиб ташланади) вақтинчалик чекинишга қарор қилади. Айнан Роулат қонунига қарши кампаниядан сўнг Ганди Ҳиндистон мустақиллик ҳаракатининг энг кўзга кўринган етакчисига айланади.

Гандининг зўравонликсиз қаршилик кўрсатиш ҳаракати Ҳиндистондаги барча дин ва синфлар томонидан қабул қилинади. Маҳатма Ганди Британия мустамлакачи ҳукуматига умумий бойкот эълон қилиб, амалдорлардан Британия тожи учун ишлашни, талабалардан давлат таълим муассасаларига боришни, аскарлардан мустамлакачи ҳукуматга хизмат қилишни, фуқаролардан солиқ тўлашни ва Британия товарларини сотиб олишни тўхтатишни сўради. Шунингдек у Буюк Британияда ишлаб чиқарилган кийимлар сотиб олиш ўрнига кўчма йигирув ғилдирагидан фойдаланишни бошлайди. Тез орада йигирув ғилдираги Ҳиндистон мустақиллигининг рамзига айланади.

Гандининг ҳаракатларига жавобан Британия ҳукумати уни қўзғолон кўтаришга уринишда айблайди ва 1922 йилда олти йилга озодликдан маҳрум қилади. Бироқ кўричак жарроҳлигидан сўнг, 1924 йили Ганди қўйиб юборилади. Қамоқдан чиққач Ганди Ҳиндистоннинг мусулмон ва ҳиндуий аҳолиси ўртасидаги муносабатлар ўзгарганини кўради ва бирдамликка чақириш учун уч ҳафталик очлик эълон қилади. 1920 йиллар охирида Ганди сиёсий ҳаётдан бироз чекинди.

Туз юриши

1930 йили Буюк Британия ҳукумати Ҳиндистонда туз тўғрисида қонун қабул қилади. Унга кўра ҳиндларга туз йиғиш ва уни сотиш тақиқланади, мамлакатда давлатнинг туз монополияси ўрнатилади. Шундан сўнг Ганди сиёсатга қайтишга қарор қилади ва «сатяграҳа»нинг янги кампанияси — туз юришини уюштиради. Тарафдорлари билан Араб денгизи томон йўл олган Ганди денгиз бўйида қонунга зид тарзда денгиз сувидан туз пиширишни бошлайди. Унга бутун мамлакат, айниқса қашшоқ синфлар эргашади. Натижада «туз юришлари»да қатнашгани учун мамлакат бўйлаб олтмиш мингдан ортиқ ҳиндлар қамоққа олинади, жумладан Маҳатма Ганди ҳам.

Ганди тарафдорлари билан

Фото: Google Images

«Туз юришлари» Гандини дунёда машҳур инсонга айлантиради. 1930 йил Time журнали Гандини «Йил одами» сифатида эътироф этади.

Ганди 1931 йилнинг январь ойида озодликка чиқарилади ва Британиянинг Ҳиндистондаги генерал-губернатори Лорд Ирвин билан музокаралар ўтказиб, минглаб сиёсий маҳбусларни озод қилишга эришади. Келишувга кўра туз тўғрисидаги қонун бекор қилинмайди, аммо қирғоқ бўйида яшовчи ҳиндларга туз йиғиш ҳуқуқи берилади.

Лондонга ташриф

1931 йил Ганди ўзи бошчилик қилувчи Ҳиндистон Миллий Конгрессининг ягона вакили сифатида Лондондаги «Айлана стол» конференциясига ташриф буюради. Конференция давомида Буюк Британиянинг Ҳиндистонга мустақиллик беришга тайёр эмаслиги аниқ бўлади. Қолаверса кўплаб мусулмон ва сикх делегатлари Ганди томонидан илгари сурилган ягона Ҳиндистон ғоясини қўллаб-қувватламайди.

Натижада ҳафсаласи пир бўлган Ганди Ҳиндистонга қайтади ва норозилик ҳаракатларини давом эттиради, аммо бироз ўтиб Ҳиндистоннинг янги генерал-губернатори Лорд Виллингдон репрессиялари туфайли яна қамоққа ташланади. 1934 йил қамоқдан чиққач Ганди Миллий Конгрессни тарк этади, партия раҳбарлигини Жаваҳарлал Неру эгаллайди. Ганди яна сиёсатдан узоқлашади, лекин аҳолининг энг қуйи табақалари ҳуқуқлари учун курашишни давом эттиради.

Гандининг Лондонга ташрифи. 1931 йил

Фото: Getty Images

Мустақиллик

Иккинчи жаҳон уруши давом этар экан, Ганди Буюк Британия Ҳиндистонга мустақиллик бериши учун «Ҳиндистонни тарк эт» ҳаракатини бошлайди. Аммо консерватор бош вазир Уинстон Черчил «Мен Британия империясини тугатиш учун қиролнинг бош вазири бўлмадим» дея таъкидлаб, Ганди ва бошқа озодлик ҳаракати аъзоларини ҳибсга олишга буйруқ беради. Ўн тўққиз ойлик қамоқдан сўнг Ганди соғлиғи ёмонлашгани учун озод қилинади.

Буюк Британияда 1945 йилги парламент сайловларида Лейбористлар партияси ғолиб бўлгач, Ҳиндистон Миллий Конгресси ва Мусулмонлар лигаси билан Ҳиндистон мустақиллиги бўйича музокаралар ўтказишни бошлайди. Ниҳоят 1947 йил Ҳиндистонга мустақиллик берилади, аммо мамлакат икки давлатга ажратилади: Ҳиндистон(асосий аҳолиси ҳиндуийлар) ва Покистон(асосий аҳолиси мусулмонлар). Ганди бўлинишга дастлаб кескин қарши чиқади, бироқ у мустақилликдан кейин ҳиндлар ва мусулмонлар ички тинчликка эришади деган умидда ажралишга рози бўлади. Шунингдек Ганди уларни бирлаштиришга куч билан ҳаракат қилишни ёқламасди.

Зўравонликсиз кураш асосчисининг зўравонлик билан ўлдирилиши

Бўлинишдан кейинги тартибсизликлар пайтида Ганди ҳиндлар ва мусулмонларни биргаликда тинч яшашга чақиради ҳамда Калкуттадаги тартибсизликлар тугамагунча очлик эълон қилади. Деҳлига қайтган Ганди Ҳиндистонда қолган мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун яна очлик эълон қилади. Қариб қолганига қарамай Ганди Бенгалияга сафар қилишни режалаштиради. Шу пайтга қадар ҳиндлар учун курашган буюк Ганди эндиликда мусулмонлар учун ҳам курашаётган эди. Ҳиндистон ҳукуматининг Покистонга тўлаши керак бўлган товоннинг тўлмаслигига жавобан Ганди яна очлик эълон қилади. Буюк етакчига ҳурмат кўрсатмасликнинг иложи йўқ эди, товон тўлаб берилади. Гандининг бу ҳаракатлари ҳинд фанатиклари томонидан мусулмонларга ён босиш, хиёнат сифатида кўрилади.

1948 йил 20 январь куни Гандига суиқасд уюштирилади, аммо у тирик қолади. Озодлик асосчисининг атрофида нохуш вазиятлар кўпаяётганини сезган Ҳиндистон полицияси Гандига шахсий ҳимоя таклиф қилади, бироқ буюк қалб соҳиби «шахсий хавфсизликни озодликка бой бераётганларнинг яшашга ҳаққи йўқ» дея таклифни рад қилади. 30 январь куни бир неча ҳафталик очликдан заифлашиб қолган Ганди неваралари ҳамроҳлигида Деҳлидаги уйидан ибодатхонага қараб йўлга чиқади. Унинг олдига келиб таъзим қилган минглаб инсонлар ичида бўлган Натурам Годсе исмли ҳинд экстремисти буюк йўлбошчига қарата ярим автоматдан уч марта ўқ узади. Умр бўйи зўравонлик қилмасликни тарғиб қилган пасифист Моҳандас Карамчанд Гандининг ҳаёти шу тариқа зўравонлик якун топади. Қотил Годсе ва шериги бир йил ўтиб осилади, фитнанинг бошқа аъзолари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Фото: BBC

Ўз халқи озодлиги ва тинчлиги учун курашган бу инсон дунёда тинч норозилик кўрсатиш ва бағрикенглик рамзларидан бири бўлиб қолди. Унинг сатяграҳа ғоясидан Жанубий Африкада Нелсон Мандела, АҚШда Мартин Лютер Кинг илҳомланди ва фойдаланди. Маҳатма Ганди нафақат ХХ асрнинг, балки инсоният тарихининг энг кўзга кўринган сиёсий арбобларидан бири ҳисобланади.

 Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади