Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган бир нечта қизнинг ўзаро жанжали акс этган видео юзасидан ўтказилган текширув натижаси бўйича маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган қизларнинг жанжали даҳанаки муштлашувга айланиб кетгани тасвирланган видео тарқалди.
Маълум қилинишича, 28 сентябрь куни соат 17:30 ларда 17 ёшли Ш.Я. танишлари билан Чилонзор туманидаги «Миллий» стадиони (собиқ «Бунёдкор») олдидаги автотураргоҳда учрашиб, вояга етмаган 2004 йилда туғилган Р.Б. уни ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилгани учун муносабатларни ҳал қилиб олмоқчи бўлган. Оғзаки тортишув ўзаро жанжалга айланиб кетган ва Ш.Я. таниши Р.Б.ни урган.
«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилмоқда, якуни бўйича қонуний қарор қабул қилинади», — дейилади хабарда.
Пойтахт ИИББ ота-оналарни вояга етмаган болаларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосан маъмурий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган.
Аввалроқ интернетда Урганчда бир гуруҳ аёлларнинг ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалган эди.
Изоҳ (0)