Таржима – тили бошқа, маслаги бир инсонларни бирлаштирувчи восита. Илмий, техник, синхрон таржимадан фарқли бадиий таржиманинг «тош»и оғир келади. Тил билганнинг ҳар қайсиси ҳам ижодий матнни маромида, сўз нозикликларини ҳис этиб ўгириши қийин. Сермашаққат меҳнат этагини тутадиганлар эса ҳадеганда топилавермайди. Бироқ бу соҳага йигирма йилдан ошиқ умрини бағишлаган, ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга таржима қилаётган фидойилар ҳам бор. 30 сентябрь — Халқаро таржимонлар куни баҳона «Дарё» шоир, таржимон, Бутунжаҳон шеърият ҳаракати (WPМ)нинг Ўзбекистондаги координатори Аъзам Обидов билан ўзбек адабиётини жаҳонга танитиш ва таржимачиликдаги муаммолар ҳақида суҳбатлашди.
– Бугунги болалар қайсидир маънода полиглот бўлиб улғайяпти. Боғча пайтиданоқ ўзбек, рус, инглиз тилларини баравар ўрганиб, мактабга тайёрланади. Бир қараганда, ҳаммаси ҳавас қилгулик. Уч тил олдига кейинчалик бошқаларининг қўшилиш эҳтимоли бор. Бироқ хорижий тилларни қанча ўрганмайлик, таржимонларга талаб, эҳтиёж ортаверади. Нега шундай?
– Тилни мақсадли ўрганмаяпмиз, менимча. Энг катта камчилигимиз шу. Журналист, ёзувчилар учун тил курслари ташкил этилади, лекин олти ой курсга қатнаган ижодкор кейинги сабоқларни давом эттиришга ё кучи, ё вақти етмайди. Нега менга керак, деган мақсадни қўйиб тил ўрганса, давомий ўзлаштириш, мукаммаллаштиришга куч тополади. Одам ўзига стимул топа билиши керак. Муҳитга ҳам боғлиқ кўп нарса. Француз шеърларини аслиятдан ўзбекчага ўгираман деб француз тилини ўрганганман. Мана, 15 йилдан бери шу тилда сўзлашадиган дўстларим, шоир, ёзувчилар билан мулоқот қила оламан. Таржима факультетидаги аксар талаба таржимон бўламан демайди. Шунинг учун ўқишни битириб, таржимонлик билан ҳам хайрлашади.
– Таржима – инжиқ болага ўхшайди. Кўнглини тополсанг, сўзингга киради, бўлмаса, қайсарлигини қўймайди. Таржимон бир халқнинг маданияти, санъати, дунёқараши ва орзуларини бошқаларга кўрсатиб, изоҳлаб беради. Қўлига улкан кўзгу тутган заҳматкашларга менгзайман уларни. Сизнингча, ҳақиқий таржимон қандай бўлиши керак?
– Таржимон – кўприк. Ривожланган давлатларда бу кўприк орқали икки тарафлама ҳаракат очиқдир. Ўзбекистон мисолида эса бу бир тарафи очиқ кўприк, холос. Дунё адабиётидаги катта номлар бу ёққа ўтаверади, аммо ўзимизникилар дунёга ўтолмайди. Чунки нариги томонга ўтишдан ҳайиқамиз, йўл бошида депсиниб тураверамиз. Шу боис, адабий меросимизнинг 1 фоизи ҳам таржима қилинган эмас. Буни ҳеч ким, ҳатто ҳеч хато қилмайдигандай кўринадиган, ҳамма муаммоларга ечим беради дея умид қилинаётганлар ҳам тушунмайди.
– 2018 йили китобхонларни қувонтирган: «Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор эълон қилинди. Ҳужжатга кўз югуртирсангиз, ўзбек адабиётини бойитадиган манфаатли режалар кўп. Агар қоғоздаги вазифалар йиллар давомида тадрижий, мунтазам бажарилса, ўзбек адиблари ва асарлари жаҳон саҳнасига чиқиб, ўрнини топиши мумкин. Лекин орадан уч йил ўтди, аммо на таржимани, на босмадан чиққан китобни кўрдик. Билишимча, сиз ҳам бошида шу лойиҳага жалб этилганлардан бўлгансиз?
– Қарор чала қолиб кетганига жавобим – марказлашган тизим йўқ. Бу вазифа кимники деган масала ҳамон очиқ турибди. Ёзувчилар уюшмаси «Ҳиссамиз бор, лекин бизники эмас», дейди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг уставини кўриб чиқдим. Иккита катта-катта пункти ўзбек тилидаги адабиётларнинг хорижий тилларга тарғибот-ташвиқоти билан боғлиқ экан. Катта ташкилот уставининг иккита банди фақат таржима билан боғлиқ. Лекин бирор иш қилинмаган. Нимадирлар бажарилди, ҳаракатлар бошланди, лекин кўпи шундоқлигича қолиб кетди. Шу йил бошида АОКАга бир неча масала бўйича мурожаат ҳам қилдим. Натижаси доимгидек – йўқ.
Адабиёт, миллат маърифати, маданият ривожи учун ёнимдан тўлаб бўлса-да, халқаро алоқаларни ўрнатишга уриндим, хорижлик адиб, шоирларни олиб келдим. Сен ўлиб-тирилиб нимадир қилсанг-у, биров «Ҳой, ҳорма! Ёрдам керак эмасми? Бизга нима хизмат?» демаса, (айниқса, бу ишларга масъул ташкилот жим қараб тураверса) қўл силтаркансан. Кичкина гуруҳ ё менинг бир ўзим буларнинг ҳеч бирини охиригача етказолмаслигимиз аниқ. Бу вазифаларнинг барчасини тугатиш, якунлаш учун ягона, яхлит ва аниқ гуруҳ, жамоа бўлиши шарт.
Қарор ижросига келсак, биз на бирор аниқ ишчи гуруҳ тузилгани, на таҳрир ҳайъатини кўрдик. Бошида «урҳо-ур» билан бошланган ҳаракат кейин бирдан сўнди. Ҳаммаси сув босгандек тинчиди-қолди. Нега, деган саволларга, рости, мен ҳам жавоб излайман кўпинча.
—Таржима, умуман, адабий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳамкорлик муҳим. Кишини қўллаб-қувватлаб, ҳамфикр бўладиганлар топилса, машаққатлар хийла камаяди. Бизда ҳамкорлик қай даражада?
– Афсуски, бизда сиз назарда тутаётган ҳамкорликдан асар ҳам йўқ. Нормал жамиятда адабиёт, санъат ва мана шу соҳа кишилари мамлакатнинг овози бўлиши керак. Ёзувчилар уюшмасининг 700 дан ошиқ аъзоси бор. Лекин жуда кўпи мукофот, аллақандай унвон, уй-жой, имтиёз илинжида, тама назари билан яшаяпти. Қани, сўраб кўринг-чи, қанчасини дунё биларкан, асарларини кимдир ўқиганмикан четда туриб? Ҳеч бўлмаса, Марказий Осиё давлатлари орасида мухлислари бормикан?
Йигирма йилдан бери адабий дўстлик бардавом бўлиши учун роса тер тўкдим. Лекин ҳеч ким эшитмади мени. Унисига айтдим, бунисига бордим, жавоб бермади. Кейин ҳаммасини тўхтатдим. Жамғармалар зиммасидаги ишни бажараётгандим аслида. Бир халқаро дастур учун камида 20 миллион пулим кетади. Ёзувчи-шоирларнинг ҳеч бири қўшилмайди, четда қараб тураверади. Бу нима қилаётган экан, деб қўрқиб қарашади. Кўпининг қон-қонига қўрқув сингиб кетган. Нимадан бунчалик чўчишади, ҳайронман. Биз уларга дунё ёзувчи-шоирларини беролмаяпмизми, келинг, дунёни Ўзбекистонга олиб келайлик. Бир ярим-икки йил ичи элликка яқин ижодкорни таклиф қилдим. Бирови келиб, қўл чўзгани, елкадош бўлгани йўқ.
— Ёзувчилар уюшмаси деган ташкилотимиз бор. Кўп тадбирларни ўтказишяпти. Хорижий алоқаларимиз ҳам яхши, дейишади. Наҳот ҳеч бир масъулдан садо чиқмади?
– Уюшманинг ғалати «қилиқ»лари кўп. Танқид қилаверишим, муаммоларини масъулларнинг бетига айтганим учун ёмон кўришади мени. Очиғи, уюшмага аъзоликни уят деб биламан. Чунки улар тайинли иш қилмайди. Шунчалик боқиманда, ташаббусга очилмаган, ялқовки, уялиб кетади одам. Майли, олаётган ойлиги балки шугинага ярар. Лекин уларга давлат президенти айтмагунича жим ўтираверишади. Кимнингдир оғзига қарашда ҳалиям «олғир»миз.
Ўзбекистонда халқаро шеърият анжумани, фестиваллари, тадбирлари ўтказиш учун президентнинг турткисини кутиш – бу энг қолоқ давлатлардаги тизим. Тошкент халқаро кинофестивалини қайта ўтказамиз, деди президент. Буни давлат раҳбари айтгани учун қиляпмиз. Бу тизим тўғри эмас. Ҳеч бир мамлакатда адабиёт, санъат, маданият тадбирлари президент айтсагина қилинмайди. Ҳатто Африка давлатларида ҳам халқаро шеърият байрамлари бор.
Яқинда президентликка номзодларга бир қанча саволлар йўлладим. Аммо таклиф ва саволларимга тайинли жавоб олишимга кўзим етмайди. Чунки адабиёт ва ижодни биз ҳар доим охирги ўринларга қўйиб келганмиз. Бундан кейин ҳам шундай қолиши тайин.
Агар ҳамкорликка чақиришса, бажонидил бораман. Инглиз тилида биринчи марта «Фарҳод ва Ширин» китобини чиқариб, шундай китобларни кўпайтирайлик, десам яна жимлик. Қон-қонимизга танбаллик, дангасалик сингиб кетган. Ижодкорлар орасида бирдамлик йўқ. Бир-бирига фақат тош отади, ковлайди. Тилёғламаликка устамиз.
– Демак, адабий алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтириш учун аввало бирдамлик керак дейсиз-да?
– Шундай. Бизда адабий агент, координатор, адабиёт ва санъат тадбирларини йўлга қўядиган одамлар йўқ. Адабиёт музейлари жуда чиройли-а? Экспонатлари ҳам жойида. Лекин доим ҳувиллаб ётади. Кўпчиликка фойдаси тегадиган тадбирлар, адабий платформа йўқ. Хафа бўлманг-у, Тошкентдаги рус диаспораси тадбирларини яхши кўраман. Уларда бирдамлик, якдиллик, ҳамкорлик баланд. Сергей Есенин уй музейидаги йиғинларига борсангиз, хона тўлиб туради. Яқинда Human House‘да китоб тақдимоти қилдик. Залда бўш жой қолмади. Ҳавасим келди.
– Келинг, яна таржимачилик ҳақида гаплашсак. Бу соҳада қиладиган ишларимиз, менимча, ҳаддан ташқари кўп. Энг сара жаҳон адабиёти намуналари қатори ўзбек тилидаги асарларнинг ҳам таржимасини тезлаштириш керакмикан?
– Бундан 25 йил олдин миссиямни белгилаб олганман – ўзбек адабиётини дунё тилларига таржима қилиб танитиш. Аммо бир ўзим барибир эплолмасканман. Ҳозир «Жаҳон адабиёти» журнали, «Китоб дунёси» газетаси ва бошқа бир қанча нашрлар аслиятдан таржималар босишяпти. Дунё адабиётини озми-кўпми яқиндан биляпмиз. Лекин ўзимизнинг асарларимизни қачон дунёга берамиз, деган савол ҳали ҳам кун тартибида. Таржима деганда, мана сиз ҳам жаҳонни Ўзбекистонга олиб киришни назарда тутяпсиз-ов. Бу энг катта хатойимиз. Йўл бошида қаерга юришимизни белгилаб олишимиз, аслида нотўғри бўлган. У тарафга ким таржима қилади? Қандай, ким билан, қачон қиламиз?
20 йил олдин биринчи китобчам «Йўлимни пойлайди мўъжиза»ни инглизчага ўгирдим. Ҳозир бир варақласам, хатолари кўп бўлган экан. Лекин ўшанда қўрқмаганман. Таваккалига бошлаганман. Кейин Чўлпон билан Усмон Носир шеърларига ўтдим. 2004 йили 48 ўзбек шоири ижодини жамлаган «Ўзбек шеърияти антологияси»ни чиқардим.
Ўшандан бери шу мақсад, йўналишни давраларда айтиб келаман. Ижодкорларнинг кўпи тил билмайди. Дунё тан олган хорижий тилларини ўрганайлик аввал. Фалон-фалон аъзоси бор Ёзувчилар уюшмасида чет тилини пухта биладигани бормикан? Тўғри, Фахриёр, Шекспир асарларини она тилидан ўгирган Жамол Камол ва яна бир-иккиси бундан мустасно. Қолганлари-чи? Халқаро бўлимдаям ҳеч бўлмаса инглиз тилида равон сўзлашадиган ходим ишлармикан? Шуни бир айтишсин! Кечирасиз-у, тутуриқсизлик, савиясизлик, принципсизлик урчигандан урчияпти.
– Таржима мактаблари бўлажак таржимонни пишитадиган жой. Сўз устида ишлаш, жумлани тил қоидаларига монанд ўгириш, таҳрирлаш, матнни тўғри етказиш, маънога путур етказмаслик – барча зарур билим мустақил тажриба қатори шу мактабдаги сабоқларда олинади. Бугун бизда таржима мактаблари борми?
– Бор. Жаҳон тиллари, Ўзбек тили ва адабиёти, Шарқшунослик университетларида сиз айтаётган мактаблар бор. Жаҳон тиллари университети, билишимча, 5 та китоб чиқарди. Ойбекнинг «Навоий»си, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола»си мен кўриб-эшитганларим. Лекин китобни таржима қилиб, кейин бир четга қўйиш ярамайди. Мақсад – шунчаки таржима эмас, асарнинг ўқувчиларини топиш, сотиш. Тадрижий, тўхтаб қолмайдиган ҳаракат керак.
– Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонини инглизчага ўгирдим, дедингиз. Ҳазрат Навоий ижодини хорижда тарғиб этишда фаоллигингизни кўпчилик билади. Ёлғиз ўзингизга оғирлик қилмайдими – ҳам таржима, ҳам унинг тарғиботи?
– «Фарҳод ва Ширин» таржимаси бўйича мақтовлар эшитдим. Уюшма раиси (С.Сайид) жуда яхши гапларни айтди. Лекин менга раҳмат керакмас. «Кел, бирга ишлайлик. Мана бу лойиҳаларни бажарайлик, ҳамкорлик қилайлик, куч бўлайлик» дейишларини кутаман.
Саволингизга келсак, ҳа, оғирлик қилади. Биргалашиб ишлашни хоҳлайман. Ёзувчилар уюшмаси мени ҳар йилнинг февралида йўқлаб қолади фақат.
Шу йил бошида Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди тузилди. Қаерда, ким, қандай ишлар қиляпти – ҳеч ким билмайди. Қўлимда шу жамғарманинг устави бор. Таркиб уч киши – ижрочи директор, мутахассис, бош ҳисобчидан иборат. Президент қарори бўйича ҳар йили 1 миллиард сўм маблағ ажратилади буларга. Лекин ким нима қилаётгани қоронғи. Шу фонд ичида юрган бир танишимдан сўрасам, гапни мужмал қилади: «Ҳа, жамғарма ишлаяпти. Сиз айтаётган вазифалари йўқ», дейди. Унда нима бор?! Очиқлайлик маълумотларни. Буларнинг асосий вазифаси – Алишер Навоий асарларини жаҳонга олиб чиқиш, асарларини мунтазам хорижий тилларга таржима қилдириш.
Энг ачинарлиси, «Қани, шунча пулни қаерга сарфлаяпсизлар, нималар қилинди? 1 миллиард сўмнинг ҳисобини беринг!», дейдиган мард йўқ. Савол беришдан қочмайлик. Адабиёт, таржима, халқаро маданий алоқалар, адабий дўстлик, санъатни негадир жамият муаммоларининг энг бошига чиқаришдан чўчиймиз. Ҳаёт фақат сиёсат, иқтисод, еб-ичиш, ўйин-кулгидан иборат эмас-ку! Демократик йўлдан охиригача кетишни истасак, бағрикенг бўлайлик. Адабиёт, санъат мустақиллиги ортидан халқ турмуши фаровонлашади. Соҳа кишилари ҳам эркин фаолият юритади, кўксига шамол тегади. Мустақил равишда ўзидан ташаббус чиқади.
– Сана(ёт)ган муаммоларингиз бўйича тегишли ташкилот, идорага мурожаат қилиш керакмиди?
– Президентимизга ёрдам сўраб тинмай ёздим. Порталга ёзган хатларингизнинг ҳаммаси, барибир ортга қайтиб, ҳеч бир иш қилмайдиган ташкилотга, доимий танқид қиладиганим – Ёзувчилар уюшмасига келаркан. Суҳбатимиздан бир йил ўтсин, қаранг, ҳеч нарса ўзгармади-я, деб айта оламан.
– Очиғи, оғриқ «тиш»ларимиз бунчалик кўп деб ўйламагандим. Эшитиб-билиб юраркансан-у, соҳа ичига кирмагунча, тугал сезмаскансан. Муаммоларга мақбул ечим бордир?
– Охирги беш йилдан бери халқаро тажрибаларни ўрганиб, ҳаётга татбиқ этяпмиз, а? Ижод соҳасида ҳам шундай қилиш керак. Ривожланган ўлкаларда адабиёт, санъат ва маданият мустақил. Америка тажрибасида бир қонун бор. Агар кимдир бу соҳаларни қўллаб-қувватламоқчи бўлса, у ким бўлишидан қатъи назар – тадбиркорми, оддий ишчими, санъатшуносми, фарқи йўқ – тўлаётган солиғи автоматик равишда камаяди. Бунда икки тараф ҳам манфаатдор бўлади. Бири камроқ солиқ тўлайди, иккинчиси олган пулига соҳани ривожлантиради.
Яқинда волонтёрлик ҳақида қонунни кўрдим. Балки шу қонунда мен айтган тажриба ҳам назарда тутилгандир...
Давлат бюджетидан маданият, санъат, адабиётни ривожлантириш учун катта миқдорда пул ажратилади ҳар йили. Шулар тўғри сарфлансин аввал. Катта-катта лойиҳаларни кичик бўлимларга ажратиб, ишни бошлаб олсак, кўп вазифани бажариб қўямиз.
Ҳукуматни эмас, халқни ўйлайлик. Шу гап тасдиғини топиши керак бўлса, адабиёт, санъатга эътибор берайлик. Кейин ижодкорлар ҳам бутун бўлиши шарт. Майдакаш, ғийбатчи, бировга чоҳ қазиб ҳузурланадиган кимса ижодкорман деса, ҳайрон қоламан. Энг катта муаммо – ижодкорнинг танбаллиги, дангасалиги. Ўзи талаб қилишни билмаса, ким беради. Бола йиғламаса, она кўкрак тутмайди.
Яна бир таклифим бор. «Эл-юрт умиди» жамғармаси номзодлар орасидан таржимонлик учун ҳам битта грант ажратсин. Тўрт-беш йил ўқиб қайтгач, мана бу китобларни таржима қил, деб талабини айтсин. Кимга ёқмайди, талабгорлар топилади.
Очилиш давридан фойдаланиб, амалий ишга ўтгандим анча аввал. Виза қулайлигидан ўринли фойдаландим. Дунё кездим. Илгари виза олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали чиқардингиз, қоғозбозлиги кўп эди. Сайёҳ-меҳмон олдинги қонун бўйича, албатта, меҳмонхонада туриши шарт эди. Ҳозир вазият бошқа. Сайёҳлик йиғими тўлаб қўйилса, бас. Бу томонлари жуда фойдали. Шу чоққача элликдан ортиқ меҳмон чақирган бўлсам, ораларидан кимдир Ўзбекистон ҳақида китоб ёзди, тақдимотлар қилди, яхши таассурот билан қайтиб кетди. Эҳтимол, бу ҳаракатни Ёзувчилар уюшмаси қилганида, «урра-урра», медалвозлик, унвонпарастлик авжига чиқармиди... Балки хусусий, ёлғиз кишининг ҳаракати назарга унчалик ҳам тушмас. Аъзам Обидчалик кимдир нимадир қилганми? Менга буларнинг медали, мукофоти керакмас. Шунчаки одам бўлишсин, бағрикенглик қилишсин. Ўзинг яхши кўрган нарсани атрофингдагиларга улашиш – бу ҳаётий миссиям.
Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.
Изоҳ (0)