BBC Uzbek нашри икки оёғи йўқлигига қарамай, барча юмушларини мустақил уддалаб келаётган нарпайлик Соҳиба Қувонова ҳақида лавҳа тайёрлади.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи Соҳиба Қувонова 1984 йилда туғилган, оёғидан ажралганида 6 ойлик бўлган. Ҳозирда у тикувчилик билан кун кўради. Соҳиба ҳатто баъзи соғлом одамлар бажара олмайдиган юмушларни уддалашга қодир, масалан, ҳовлидаги сигирларни суғориб, боқади, сутини соғиб олади, ҳовлидаги деҳқончилик ишларини ҳам уддалайди.
«Ҳамма ишни қила оламан, ҳеч кимга муҳтожлигим йўқ. Иложи борича фикрлаб, қўлим етмаган нарсаларни ҳам хивич билан олиб, ўзим мустақил уддалайман», — дейди у.
У Президент фармонига кўра Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига «Жасорат» медали билан тақдирланган.
« ‘Медални ўзинг тақиб қўй’, деган эканлар [Президент — таҳр.] Самарқанд вилояти ҳокими ўз қўллари билан тақиб қўйди... ‘Жасорат’ медалини берса жасоратни ҳис қиларкан одам. Ўзимни жуда аъло даражада ҳис қилаяпман, хурсандман», — дейди Соҳиба.
Шунингдек, таъкидланишича, Соҳиба Қувоновага 2017 йилда Президент совғаси сифатида унга квартира совға қилинган.
Изоҳ (0)