Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳомиладор хотини ва қайнотасини чопқи билан чопиб ташлаган 19 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Раҳматжон Арапов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 2 мартидан 3 мартига ўтар кечаси Бувайда тумани «Янгиқишлоқ» маҳалласида яшовчи 19 ёшли фуқаро К.И. Оқтепа қишлоғида яшовчи қайнотаси А.И. ҳамда ҳомиладор аёли С.И.ни ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб чопқи билан чопиб ташлаган.Оқибатда қайнота оғир тан жароҳати олиб, кўрсатилган биринчи тез тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган. С.И. эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Судга оид тиббий экспертизанинг 2021 йил 26 мартдаги хулосасида марҳум А.И.нинг бош мия очиқ шикасти, калла суякларининг синиши, мия юмшоқ пардалари остига ва мия моддасига қон қуйилиши, бош мия лат ейишидан келиб чиққани, ушбу жароҳатлар унинг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳат ҳисобланиши кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2021 йил 17 августдаги ҳукми билан К.И. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) 25, 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)