Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференция орқали БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида ташкил этилган Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг C5+1 шаклидаги учрашувида иштирок этди.
Учрашувда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен иштирок этди.
Ташқи сиёсий идора раҳбарлари иқтисодиёт, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.
Делегациялар раҳбарлари Афғонистондаги вазиятни кўриб чиқди, гуманитар инқирознинг олдини олиш учун афғон халқига ёрдам кўрсатиш, ушбу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлайдиган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Минтақадаги мамлакатлар барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди.
Изоҳ (0)