Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳомиладор қўшнисини зўрламоқчи бўлган эркак пичоқланди, дея хабар қилмоқда вилоят прокуратураси.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 25 июнь куни Чироқчи тумани, «Лангар» МФЙ, Тўлақул қишлоғида яшаган марҳум Ж.А. қўшниси — ҳомиладор Н.Ж.га нисбатан куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга ундаган.
Бироқ юзага келган ҳолатда ўз номусини ҳимоя қилган аёл ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж.А.га бир маротаба зарба берган. Етказилган тан жароҳати натижасида Ж.А. вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Чироқчи туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов давомида марҳум Ж.А.нинг ўлими юзасидан Чироқчи тумани прокурори томонидан Лангар қишлоғида аҳоли ва жабрланувчилар билан учрашувлар ўтказилган. Марҳумнинг яқинлари туман прокуратурасида бир неча маротаба қабул қилиниб, уларнинг жиноятга Н.Ж.нинг акаси ва отасининг ҳам алоқаси борлиги ҳақидаги тахминлари дастлабки терговда текширилганда, ўз тасдиғини топмаган.
Тергов якунига кўра, Н.Ж.га Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, 2021 йил 7 сентябрда жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.
Жиноят иши ҳозирда жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида кўрилмоқда.
Изоҳ (0)