Фарғона шаҳар, Оқарик кўчасида 18 июнь куни соат 13:10 да иккита автомашина иштирокида содир бўлган ЙТҲ икки машина эгаларининг катта жанжалига айланиб кетган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизматининг «Криминал» кўрсатувида хабар берилди.
Қайд этилишича, бир жойда кўришиб ўзаро орани очиқ қилиб олишга келишган икки тарафдан йигирмага яқин ёш йигитлар «Тараққиёт-2001» МЧЖ ҳовлисида тўпланган. Жанжал бошланган вақтда ҳодиса иштирокчилари вазиятдан хабардор бўлган Фарғона вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси, Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, ДХХ ва Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий қисми ҳамда Фарғона шаҳар бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Маълум қилинишича, воқеа жойидан кўплаб ўткир тиғли жисмлар, пичоқ ва қиличлар, тан жароҳати етказиши мумкин бўлган буюмлар, гиёҳвандлик воситалари олинган. Кўрилган чора тадбирлар натижасида ҳеч ким шикастланмаган. 8 нафар шахс процессуал тартибда ушланган, 9 нафар шахс эса 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.
Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «б» банди (ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан қўрқитиб ёки қўллаб безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)