Афғонистондаги олий таълим муассасалари дарс жадваллари ҳамда олий таълимни молиялаштириш бўйича масалалар ҳал этилганидан кейин яқин бир ҳафта ичида ўз фаолиятларини қайтадан бошлайди. Бу ҳақда «Толибон» ташкил қилган янги муваққат ҳукумат таркибида «Афғонистон ислом амирлиги» Олий таълим вазири лавозимини эгаллаган Абдулбоқи Ҳаққоний Ariana News нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

Фото: Ariana News

«Айни вақтда университетларнинг тўлиқ тартибда ишлаши учун турли техник жиҳатларни ҳал этиш бўйича муҳокамалар давом этяпти. Асосий масалалар ОТМларни молиялаштириш, шунингдек дарс жадвалларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ, аҳамияти кам бўлган фанлар таълим дастуридан олиб ташланиши, уларнинг ўрнига замонавий бошқа фанлар киритилиши зарур. Бу борадаги барча масалаҳатлашувлар узоғи билан бир ҳафта ичида якунига етади», – дея Ҳаққоний сўзларини келтирган маҳаллий Ariana News телеканали.

Ҳаққоний таълим соҳаси сўнгги вақтларда коронавирус пандемияси ҳамда Афғонистонда ҳукумат алмашинувидан кейин энг кўп жабр кўрган йўналишлардан бири эканини қайд этган.

Шунингдек, янги вазир мамлакатда ОТМларда ўғил бола талабаларга эркак ўқитувчилар, хотин-қизларни эса аёллар дарс беришини тасдиқлади. Бундан ташқари ўғил болалар ва қизлар олийгоҳларда бир-бирларидан алоҳида таълим олиши маълум қилинди.

Ҳаққоний янги янги таълим тизими бўйича илмда юксак натижалар қайд этган талаба йигит-қизларнинг мамлакатни янада ривожланиши учун хорижга малака оширишга юбориш кўзда тутилаётганини ҳам таъкидлаган. Олий таълим вазири баёноти давомида Афғонистондан ташқарида фаолият олиб бораётган афғонистонлик ўқитувчи эркак ва аёлларни ватанга қайтиб ишлашга чақирган.

Аввал «Толибон» вакиллари мамлакатда охирги 20 йилликда таълим тизимида эришилган барча натижалар ва ислоҳотлар сақлаб қолиниши ҳақида ваъда берганди.