Ўзбекистонда 2023 йилгача жамоат транспортининг камида 50 фоизи газ-баллон ёнилғи, электр ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азизжон Калимбетов маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Калимбетовнинг сўзларига кўра, 2023 йилгача бўлган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси доирасида жамоат транспортининг камида 50 фоизини газ-баллон ёнилғи, электр ва бошқа муқобил ёнилғи турларига ўтказиш белгиланган.

«2021 йилнинг ўтган даврида республикада фойдаланишдаги 3 миллиондан ортиқ автотранспорт воситасининг 60 фоизи газ ёнилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган. Транспорт воситаларидан атмосферага ташламаларни камайтириш ва меъёр даражасида эканини аниқлаш мақсадида баҳор мавсумида ‘Тоза ҳавў тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди.

Тадбир давомида 120 мингдан ортиқ транспорт воситаси кўрикдан ўтказилиб, уларнинг қарийб 5 мингтаси белгиланган меъёрлардан ортиқ экани аниқланди ва уларнинг 1,5 мингга яқини вақтинча тўхтатилиши эвазига атмосферага кунига ўртача 80 тонна зарарли моддалар ташланишининг олди олинди. Ҳозирда тадбирнинг 2-босқичи — 10 августдан 10 сентябргача бўлиб ўтмоқда», — дейди қўмита вакили.