The Guardian нашри инглиз тили муаллимаси, талаба, журналист, 23 яшар Мурсал Раса Жамили ва сингилларининг Кобулдан Буюк Британияга эвакуация қилиниши жараёнини эълон қилди. Уч опа-сингилнинг қарийб икки кун давом этган эвакуация жараёни ва ушбу вақт оралиғидаги кечинмаларини «Дарё» таржима қилди.
22 август, якшанба
Она ватаним ҳақида ўйласам, кўз ёшларимни тиёлмайман. Ҳукуматдаги етакчиларимиз бу ўлкани бошқаларга қолдириб кетгач, ўзимни буткул ожиз, арзимас ва умидсиз қолгандек сездим.
Кобул қўлга олинганининг тўққизинчи куни сал-пал тамадди учун зўрға гуруч тополдик. Уйда тайёрлай оладиган ягона таомимиз шу эди. Тўғри, баққоллик дўконлари очиқ эдию, ёш аёлнинг бозорлик қилиши ўта хавфли эди.
Уйда ҳам бехавф-бехатар эмасдик, аслида. Толибонлар уйма-уй изғиб юришарди. Бизнинг уйимиз ҳам маҳрамсиз яшаётган уч қиз учун ортиқ пана жой бўлолмасди. Уларнинг сўрамай-нетмай уйимизга кириб, ўзларининг шариат қоидаларига бўйсундиришларидан жон ҳовучлаб ўтирардик. Кечалари қўшнимизнинг уйига бориб, кимнингдир ҳимоясига ўтишга қарор бердик.
Бироқ нотинч вазият остида ҳеч ким масъулиятни бўйнига олгиси келмасди. Уларни безовта қилаётганимизни, чақирилмаган меҳмон эканимизни фаҳмладик. Шунинг учун вазиятга шунчаки кўниб, уйда қолавердик. Кобулнинг жазирама об-ҳавосида ҳамма эшик-деразани зич ёпиб, кечалари димиққанимиздан зўрға ухлардик.
Ўз касбини севадиган синглим: «Энди ўқиб-ўрганганларимни амалда қўллолмайман. Жамият ҳаётида ҳам фаол қатнашолмайман. Толибон назорати остидаги ҳаётни қулликдаги ҳаёт деб ҳисоблайман. Чунки менинг эркимни чеклашяпти-да», дерди.
Толибонлар ҳукуматда энг муҳим нуқталарни аллақачон эгаллаб бўлишган, лекин уларнинг сиёсий ташкилотида бирор аёлга жой топилмасди.
23 август, душанба
Ҳар куни эрталаб дўстларимдан ўнлаб хатлар олар, ҳар биримиз яхши ҳаёт илинжида мамлакатдан қочиб кетиш йўлини излардик. Икки дўстим бугун кетишнинг уддасидан чиқди. «Бу хурсанд бўлгулик сафар эмас», дерди улар. Янги ҳукумат муайян шакл-шамойилга келиш арафасида тургани учун кичик гуруҳларга раҳм-шафқат қилинмасди. Гарчи шиа анъаналарига тўғри келмаса-да, улар шиа масжидларида беш маҳал ибодатни ташкил этишди. Ҳамма имомни йиғиб, исломни толибонча талқин этишни буюришди. Айримлар турмушни изга туширишга уринишар, бироқ сингилларим ва мен учун бунинг имкони топилмасди.
Толиблар ҳаётимиз ҳақида қарор чиқаришини кутиш жуда оғир. Улар қарор бермагунча нима кийишимиз, қаерга боришимиз, қайси касб-корда ишлашимиз ва ҳатто ким билан гаплашишимиз ҳал этишга ҳақимиз йўқ. Бундай ҳолатда – на ишинг, университетинг ва яшаш учун ҳеч вақойинг йўқ бўлиб умргузаронлик қилишни сира хоҳламаганман.
«Толибон» Афғонистонни биринчи марта қўлга олган йиллари оилавий Покистонга кўчиб кетгандик. Ўшанда олти ойлик чақалоқ эдим. Лекин мустақиллик эълон қилинган илк йилдаёқ қайтиб келгандик.
Аввалги саргардонлик яна такрорланишини кутмагандим, бироқ, мана, иккинчи марта она юртимни ташлаб кетишга қарор қилдим. Фожиали ўтмишимиз яна такрорланяпти, аммо бу гал ёнимизда турадиган отамиз йўқ ва сингилларимга мен туфайли зиён-заҳмат етишини сира истамайман. («Толибон» ўтган ҳафтадан излаб тополмаган журналистларнинг қариндош-уруғини сиқувга ола бошлади).
Буюк Британия ҳар доим ёқтирган ўлкаларимдан бўлган ва ўқишимни шу давлатда давом эттиришни негадир кўп хоҳлардим. Аммо бу ерга эвакуация қилинишим ҳақида хабардан унча қувонмадим. Чунки қадрдон гўшамни вайронкорлар қўлига ташлаб кетаётганим ачинарли эди. Улар аёлларни жамият ҳаётидан сиқиб чиқариб, шу чоғгача қўлга киритган зиғирдек озодлигини ҳам тортиб олишаётганди.
24 август, сешанба
«Барон» меҳмонхонаси (Буюк Британиянинг эвакуация маркази)га кириб борганимизни тушунтириш қийин. Сингилларим билан бир кеча олдин туни бўйи ухлолмадик. Негаки элчихона билан боғланиш, эвакуацияга ҳуқуқимиз бор, йўқлигини аниқлашда муаммоларга учрадик. Аллақачон нарсаларимизни йиғиштириб шай турардик. Ниҳоят электрон почтадан хабар келди. Шоша-пиша уйни ташлаб, дугонамнинг отасига қўнғироқ қилдим. Бизга ота бўлиб, аэропортга ташлаб қўйишини сўрадим. Маҳрамсиз кўчага чиқиш жонни гаровга тикиш билан баробар эди.
Аэропортга элтадиган жамики асосий йўллар «Толибон» ва халқаро аскарлар назоратида эди. Бир кун олдин кўча-кўйдаги вазиятни ўрганган афғон журналисти Заҳра Жоя бизга йўлбошловчилик қилиб, ўша кунлари «Толибон» назоратига ўтмаган айланма йўл билан манзилимизга етказди.
Аэропортга етиб келганимизда минглаб одамлар чет эллик аскарлар олдига бориш, ҳужжатларини кўрсатиш илинжида турнақатор навбатда турарди. Баъзиларнинг ҳатто ҳужжатиям йўқ, лекин умид билан учоққа чиқиб олишни кутаверишарди. Армиянинг улкан оломонни назорат қилиш учун ўқ отишдан бошқа чораси қолмасди. Орада кўп болали оилалар ҳам бўлиб, уларнинг ўққа учраш эҳтимоли юқори эди.
Қўлимизда сингилларим ва менинг Британия элчихонасидан розилик хатимиз бўлиб, бирор британ армиясидаги одамни топиб, ҳужжатларимизни кўрсатишга урина бошладик. Тиқилинч одамлар орасидан ўтиб, кимнидир топишнинг ўзи мушкул эди. Ҳамма типирчилаб, аксарларга етиб олиб, ўзларига берилган ҳужжатларни тезроқ топширишга ҳаракат қиларди.
Бу шунчалик ёмон ҳолат эдики, аэропортга келганимизгаям пушаймон бўла бошладик. Ҳужжатларимиз текширилишини кутиб оломон орасида 4 соатча қолиб кетдик.
Ниҳоят тўпдан ажралиб чиқиб, британ армиясининг икки аёл аскари ёрдами билан «Барон» меҳмонхонасининг эшиги олдига етиб бордик.
Келсак, у ердаги аскарлар ҳам худди ўзимиздек чарчаганидан оёқда зўрға туришарди. Баъзилари шундоқ қоқ ерда ухлаб қолган, айримлари афғон оилаларига кўмак бериш билан андармон эди. Мен жамийки мушкул вазифани бажараётганларни ҳурмат қиламан ва халқаро армияларнинг афғонларни қутқараётганини қўллаб-қувватлайман.
Британияликлар бизни илиқ қаршилашди ва лагерга қабул қилишди. У ерда минглаб инсонлар эвакуация қилиниш ё қилинмаслигини кутиб ўтирарди.
Жуда ҳолдан тойдирадиган кун бўлди. Бир тарафдан уйқу босар, очлик ва чарчоқ ҳам ҳолдан тойдирарди. Минглаб оилалар, қўлида ёш боласи борлар кўпнинг бошига тушган кулфат орқали ширин жонни сақлаб қолиш умидида ўтирардилар.
25 август, чоршанба
Уйқусиз тун. Ҳаётимдаги энг оғир тунлардан бири эди. Ўртамизда бир қарич жой бўлмаган ерда, оломон орасида шундоқ тош устида мизғиб қолишга уринардик. Ейишга ҳеч вақойимиз йўқ эди. Меҳрибон британ аскарлари болаларга овқат берарди.
Атрофимиздаги баъзи оилалар: «Ким билан сафарга отландингиз? Оила эркаги қани? Ким?», деб сўрашарди. Уларга аёл бошимиз билан ўзимиз йўлга отланганимизни айтсак, жуда ажабланишди. Маҳрамсиз қиз болаларнинг ёлғиз ўзи сафар қилиши ғалатидек эди. Улар наздида биз гўё гуноҳ иш қилаётгандек тикилишарди.
Узундан узун навбатга тизилиб, оилалар ҳужжатлари текширилишини тўрт кўз бўлиб кутишарди. Жуда кўпчилик уйига қайтарилиб, ҳужжатларини тўлдириб келиши сўраларди. 26 соатлик кутишдан сўнг британ аскари олдимизга келиб, ҳужжатларимизни текширди. «Буларни олиб, уйингизга қайтинг» деди у тезда. Буни эшитиш сўнгги илинжимизни ҳам ўлдирди.
Бехатар ҳаёт орзусидаги умидимиз сўнди. Лекин бўш келмадим. «Узр, сэр! Лекин қўлимизда Британия элчихонасидан келган рухсатнома бор», дедим. «Бунақа хат ҳаммада бор. Бу ишончли ҳужжат эмас!», деди у.
Афсуски, аксар инсонлар эвакуация жараёнини суиистеъмол қилиб, аэропортга сохта рухсатномалар билан кираётгани учун аскар бизнинг хатни ҳам қалбаки деб ўйлади. Лекин ҳужжатларим тўғрилигига ишончим комил эди. Шу сабаб рухсат хатини бошқа офицергаям кўрсатганимни айтдим. У ҳужжатларимизни қайтадан текшириб, яхшилаб кўргач, суҳбат учун кутиб туришимизни тайинлади.
Оломон бўлиб йиғилмаслик учун ҳар бир оиладан фақат асосий эвакуатор навбатда туриши керак эди, қолган оила аъзолари эса ундан хийла узоқроқда туриши сўраларди. Навбатга яқинлашиб, жой олгач, баъзи эркаклар: «Илтимос, оилангдаги эркак турсин навбатда» деди. «Оила бошлиғи ўзимиз», жавоб бердим. Атрофимиздагилар бизга тикилиб қарашарди. Бу ҳолат Афғонистонда яшаётганимдан-да кучлироқ қўрқувни индирди юрагимга. Ҳатто афғон фуқаролари ҳам аёлларнинг ёлғиз яшаши мумкинлигини ҳазм қилишолмасди. Ҳар тугул, одамларни назорат қилиб юрган бир британ аскари ўрнини менга бериб, ҳурмат билан сўзлаша бошлади.
Тахминан, 4 соатча кутдик. Ниҳоят эвакуация мурожаатимиз қабул қилинди.
Кобулдан Дубайга кечки олтида учдик. Ҳаётимдаги илк учишим ҳарбий самолётга тўғри келганини-чи! Учоқдаги минглаб афғон оилалари худди менга ўхшаб умрида биринчи марта учаётган эди.
Дўстларимизга бир оғиз хайр демай кетиш оғир эди. Болалигимнинг энг бахтли дамлари ўтган гўшани бутун умр унутолмайман. Кун келиб юртимга қайтиб, уни осуда, тинч ва озод ҳолда топишимга умид қиламан. Қийин вазиятда ватанимни ва ундаги одамларни ташлаб кетиш ҳақиқий худбинлик эканини биламан, аммо омон қолишнинг бундан бошқа чораси ҳам йўқ.
26 август, пайшанба
Буюк Британияга кетяпман. Ҳаётимни сақлаш эвазига ортда ташлаб келганларим ҳақида тинимсиз ўйлардим. Энди бундан буёғига талабалар на таълим олиши, одамдек яшаши мумкин. Университетдаги ўртоқларим диплом олиш ва орзуларидаги ишни топиш учун 16 йилдан ортиқроқ тиришиб-тирмашишди. Энди сўнгги умидлари ҳам сўниб битди. Ҳозир Британия ҳукумати томонидан эвакуация қилинган бахтиёр аёллар ва болаларнинг шодумон юзига қараб ўтирибман.
Аммо хаёлим ортда қолган, толиблар тарбиялайдиган болаларда эди. Армияда хизмат қиладиган аёллар ишини йўқотди. Кобул «Толибон» қўлига ўтганидан бир неча кун ўтиб, ўша аёллар шафқатсиз калтакланди. Етим болалар эса оталарини урушда йўқотдилар. Энди уларнинг на боқувчиси (ҳозир аёлларнинг ишлаш ҳуқуқи чекланган), на ўқишга имкони бор. Уларнинг нима еб кун кечириши ва қаерда яшаши мени хавотирлантиради.
Самолётда кетаётганимизда атрофимдаги оилалар билан суҳбатлашдим. Бир киши: «Болаларимни урф-одатларимиз, анъаналаримиз билан ўстиргим, улғайтиргим келади, лекин шундоқ ўлиб кетаверишларига йўл қўёлмайман. Шунинг учун ҳам олиб кетишга мажбурман», деди.
Буюк Британия хавфсиз ва уни яхши кўраман. Бироқ ватанимдан олисдаман. Бундан кейин хавфсиз ва осуда мамлакатда яшаб, уни ривожлантириш бахтига муяссар бўлишдан умидворман.
Изоҳ (0)